Ишлаб чиқариш қувватлари оширилади
Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхоналар вакиллари билан мулоқот ўтказди.
Сўнгги йилларда эркин иқтисодий зона ҳудуди 100 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган йирик саноат марказига айланди. Унинг жами ер майдони 1 минг 314,8 гектар бўлиб, шундан инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган майдон 770,3 гектарни ташкил этади. Инфратузилма учун 544,5 гектар ажратилган. Маълумотларга кўра, “Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудининг Оҳангарон тумани ва Оҳангарон шаҳри блокида ҳозир иш қизғин.
[gallery-21519]
Масалан, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилда 10,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, вилоят саноат маҳсулотлари ҳажмининг 8,1 фоизини ташкил этди. Бироқ бу ерда ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар ҳам мавжуд. Хусусан, ўтган даврда 9 та лойиҳа ўз фаолиятини тўхтатган. Шу каби ер олиб, ўз вақтида қурилишни бошламай, режалаштирилган иш ўрни ҳам яратилмай қолган. Шуларни эътиборга олиб муҳокамалар давомида тадбиркорларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев масъулларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, жорий йилда ҳам янги лойиҳаларни ишга тушириш борасида йўналишлар берди.
А.Мусаев, ЎзА