Ишлаб чиқариш ҳажми камайгани йўқ
Жиззах аккумулятор заводи карантин даврида фаолиятини тўхтатмасдан, санитария меъёрларига тўлиқ амал қилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда.
Жиззах аккумулятор заводи карантин даврида фаолиятини тўхтатмасдан, санитария меъёрларига тўлиқ амал қилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда.
Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони асосида Жиззах вилояти хокимлиги, давлат солиқ бошқармаси, соғлиқни сақлаш ва бошқа тегишли идораларнинг кўрсатган амалий ёрдами туфайли вилоятдаги бир қатор йирик корхоналарда иш бутунлай тўхтаб қолмаслигига эришилди.
Жумладан, Жиззах аккумулятор заводида коронавирус пандемиясининг тарқалиши натижасида кўплаб ходимлар масофавий иш режимига ва меҳнат таътилига чиқарилган бўлсада ишлаб чиқариш бутунлай тўхтаб қолмади.
Завод ҳудудига кириш олдидан ҳар бир шахс ва автомобиль дезинфекция станциясида зарарсизлантирилмоқда. Цехлар, кийиниш хоналари, ётоқхона, ошхона ва дам олиш хоналари ҳар икки соатда дезинфекция қилиниб, антисептик воситалар билан узлуксиз таъминланиб турибди. Ҳар куни ишчиларнинг тана ҳарорати бир неча марта ўлчанади. Тиббий ниқоб тикиш корхонанинг ўзида амалга оширилиб, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига яраша таъминланмоқда.
Корхонада ўтган йили 732 минг дона батарея ишлаб чиқарилган. Бу маҳсулот республикамиздаги барча автокорхоналарга етказиб берилади ва катта қисми Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Россияга экспорт қилинади.
Яна бир муҳим жиҳат, қийинчиликларга қарамай корхонада модернизациялаш ишлари давом эттирилаётир. Хусусан, қўрғошинни эритиш ва қотишмалар тайёрлаш цехида 2000 даража цельсий ҳароратга чидамли қимматбаҳо ғиштлардан ротор печи футеровкасининг ишчи қатламини алмаштириш эндиликда заводнинг ўз мутахассислари томонидан бажарилаётир. Илгари бу амалиёт Россия ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати мутахассислари томонидан катта маблағ эвазига амалга оширилар эди.
Шунингдек, январь ойида электродлар ишлаб чиқариш, аккумулятор батареяларини йиғиш ва формировка қилиш цехларида модернизация лойиҳаси доирасида замонавий ускуналар олиб келинганди. Бутун дунёда карантин жорий этилгани боис хорижлик мутахассислар кела олмади. Аммо заводнинг юқори малакали электроника ва механика мутахассислари хорижлик ҳамкасблари билан интернет орқали боғланиб, ишлаб чиқариш жараёнини енгиллатувчи бу ускуналарни ўзлари ишга туширмоқда.
Мураккаб пандемик даврда ҳар бир ишчи-ходимнинг саломатлиги ниҳоятда қимматли. 15 кунлик вахта усулидаги смена давомида ҳар бир ходимнинг меҳнат қилиш, дам олиш шароитлари етарлича таъминланиб, саломатлиги қатъий назоратга олинган.
Меҳнат шароитлари карантин талабларини бузмасдан, оқилона ва хавфсиз ташкил этилгани туфайли заводда апрель ойидаги ишлаб чиқариш қувватлари пасаймади. Вилоят солиқ бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йил апрель ойида корхона ҳисобидан давлат бюджетига 752 миллион сўм солиқ тушуми тўланган.
Коронавирус пандемияси бутун халқимиз каби ушбу корхона жамоаси учун ҳам катта синов бўлди. Жамоа бу синовдан муваффақиятли ўтмоқда.