Ишга қабул қилишда шаффоф электрон танлов
Бухоро вилоятида мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги бўш иш ўринларини тўлдириш мақсадида мутлақо янги– очиқ ва шаффоф танлов жараёнлари амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, ушбу тизим Ўзбекистон таълим соҳасида илк бор жорий этилиб, кадрларни ишга қабул қилишда инсон омилини камайтириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва адолатли танлов муҳитини яратишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, жорий йил февраль ойидан бошлаб мазкур тартиб тажриба-синов сифатида Бухоро туманида йўлга қўйилди. Янги тизимга кўра, таълим муассасаларига ишга қабул қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, махсус электрон платформа — ekadr.uzedu.uz орқали амалга оширилмоқда.

Мазкур платформа инсон ресурсларини самарали бошқариш, бўш иш ўринлари ҳақида аниқ ва тезкор маълумот бериш, шунингдек, номзодларни танлов асосида холис баҳолаш имконини яратади. Номзодлар ушбу тизим орқали мустақил равишда рўйхатдан ўтиб, ўз билим ва кўникмаларини тест синовлари орқали намоён этади.

Бухоро шаҳридаги 44-мактаб биносида ана шу электрон тизим орқали рўйхатдан ўтган номзодлар учун тест синовларига расман старт берилди. Танлов жараёнлари юқори даражада ташкил этилган бўлиб, барча иштирокчилар учун тенг шароитлар яратилган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев таъкидлаганидек, мазкур тизим кадрлар танловини адолатлилик, шаффофлик ва соғлом рақобат муҳити асосида ташкил этишга хизмат қилади. Бу орқали таълим муассасаларига билимли, салоҳиятли ва муносиб кадрларни жалб этиш имконияти кенгаяди. Айни пайтда республика бўйича ушбу тартиб тажриба-синов тариқасида фақат Бухоро туманида жорий этилмоқда.

Танлов жараёнлари бошланишидан олдин Ҳамза Эллиев тест синовларини ташкил этиш ишлари билан яқиндан танишиб, иштирокчиларга муваффақият тилади. Унинг сўзларига кўра, бу каби инновацион ёндашувлар таълим тизимида ишончни мустаҳкамлаш, сифатни ошириш ва бошқарув самарадорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассисларнинг фикрича, рақамлаштирилган танлов тизими орқали ҳар бир номзоднинг билим даражаси холис баҳоланади, инсон омили билан боғлиқ салбий ҳолатлар бартараф этилади. Бу эса, ўз навбатида, таълим сифатининг ошишига ва келажак авлодга сифатли билим беришга замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, Бухорода амалга оширилаётган мазкур тажриба нафақат ҳудуд, балки бутун республика таълим тизими учун муҳим қадам бўлиб, келгусида унинг самарали натижалари бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири