Ишчилар ойлик маоши ундириб берилди
МИБ Ангор туманида ишчиларнинг қарийб 290 миллион сўм ойлик иш ҳақини ундириб берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро судининг ижро варақасида Ангор туманидаги “ANGOR INDEX” масъулияти чекланган жамиятидан етти нафар ишчининг 289 миллион 709 минг сўм иш ҳақини тўлаб бериш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати МИБ Ангор тумани бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди.
– Қарздор жамиятнинг ҳисоб рақамларига “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан инкасса топшириқномалари юборилиб, банд солинди, – дейди МИБ Ангор тумани бўлими давлат ижрочиси Содиқ Алланазаров. – Шунингдек, мол-мулкларини аниқлаш учун мутасадди ташкилотларга сўровномалар юборилди. Қарздор жамият ҳисобидан етти нафар ишчи-ходимнинг ойлик иш ҳақи тўлиқ ундириб олинди ва ижро ҳужжатига асосан тақсимлаб берилди.
Якунланаётган йилнинг ўтган даврида МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари судларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш билан боғлиқ 539 та ижро варақасига асосан ишчи-ходимлар фойдасига 3 миллиард 629 миллион сўм ундириб берди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА