Ишчилар ойлик маоши ундириб берилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани Адлия бўлимининг аралашуви билан «Қонликўл Агросервис МТП» интеграллаштирилган сервис маркази масъулияти чекланган жамиятининг 29 нафар ишчи-ходимининг 98 миллион 161 минг сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани Адлия бўлимининг аралашуви билан «Қонликўл Агросервис МТП» интеграллаштирилган сервис маркази масъулияти чекланган жамиятининг 29 нафар ишчи-ходимининг 98 миллион 161 минг сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.
Туман Адлия бўлимининг бошлиғи Тимур Асановнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, ишчи-ходимлар мурожаатида жорий йилнинг март, апрель, май ва июнь ойлари учун тегишли иш ҳақиларини олмаганлиги қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт, дейилган. Шунингдек, ушбу моддада Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида шаҳар ва туман адлия бўлимларига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ваколати берилди.
«Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида»ги низомга мувофиқ ишчи-ходимларнинг манфаатини кўзлаб, иш ҳақиларини ундириш учун Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига ариза киритилди. Натижада суднинг буйруғи билан 29 нафар ишчи-ходимнинг 98 миллион 161 минг сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.