Ишчи-ходимлар ўртасида югуриш марафони ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Навоий шаҳридаги “Ёшлик” кўлида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ишчи-ходимлари ўртасида оммавий югуриш марафони ўтказилди.
Беллашув олдидан иштирокчилар икки гуруҳга, яъни эркаклар ва аёллар 45 ёшгача ва 45 ёшдан катталар гуруҳларига сараланди. Шундан сўнг ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, спортни оммалаштириш назарда тутилган мусобақага старт берилди.

Иштирокчилар тўлиқ югуриш қоидаларига риоя этган ҳолда сунъий кўл бўйлаб белгиланган йўналишда ҳаракатланишди.

Якунда эркаклар ўртасида 45 ёшгача гуруҳида “НКМК” АЖ “Қизилқум” кон бошқармаси ишчиси Р.Алиқулов, 45 ёшдан катталар гуруҳида “НКМК” АЖ “Қизилқум” кон бошқармаси ишчиси Ж.Ўроқов ҳамда аёллар ўртасида 45 ёшгача гуруҳида “НКМК жамғармаси” ДМ тиббий-санитария бўлими ходими Н.Турниёзова, 45 ёшдан катталар гуруҳида “НКМК” АЖ марказий моддий-техник базаси ходими Д.Раҳимовалар ғолибликни қўлга киритишди.


Мусобақа сўнггида НКМК ходимлари касаба уюшмаси кенгаши томонидан марафон ғолиблари ва совриндорлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири