Ишчи гуруҳ Қорақалпоғистонда ўрганишлар олиб борди
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штаби ва унинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар олиб борди.
Ўрганишлар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида маҳалла фаолиятига масъул вазирлик ва идоралар, ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирокида навбатдаги ўқув-семинари ўтказилди. Унда маҳаллаларда низоларни судгача ҳал этиш механизмларини кенг жорий этиш, фуқаролар ўртасида келишув маданиятини ривожлантириш ҳамда медиация институтининг ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари томонидан оилавий низоларни медиация йўли билан ҳал этиш, маҳалла раислари орасидан профессионал медиаторларни тайёрлаш масалалари юзасидан амалий тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, мавзу юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди. Мазкур ўқув-семинар маҳаллаларда низоларнинг олдини олиш, уларни медиация орқали самарали ҳал этиш амалиётини кенгайтириш ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штаби ва унинг ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси фаолияти, ахборот хавфсизлигига оид жиноятларни фош қилиш ва бу борадаги тергов самарадорлиги билан танишди.
Хусусан, бошқарма биносида “Прокурор хонаси”ни ташкил қилиш орқали тезкор қидирув ва дастлабки терговда ўзаро ҳамкорлик ҳамда амалий ёрдам борасидаги ишлар ўрганилди. Шунингдек, бошқарма таркибида ташкил қилинган мультимедия марказида аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган видео материаллар, кибер жиноятларга қарши курашишда амалиётдаги муаммолар ва уларни бартараф қилиш борасида республика прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган таклифлар тақдимот қилинди.
Бундан ташқари, республика прокуратураси томонидан ўтказилган таҳлилий-тадқиқот натижаларига кўра, криминоген вазияти оғир бўлган олтита ҳудудда ташкил қилинган кучайтирилган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш орқали маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Идоралараро штаб аъзолари томонидан республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази наркология ва психиатрия хизматлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси филиалида диспансер ҳисобида турган беморларнинг оила аъзолари ҳамда тиббиёт ходимлари иштирокида ўқув машғулоти ташкил этилди.

Унда мазкур тоифадаги беморлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларга дори-дармонларини ўз вақтида бериш, парваришлаш, уй шароитида беморлар билан тўғри мулоқот қилиш бўйича батафсил тушунтириш берилди. Шунингдек, беморларни белгиланган тартибда мажбурий даволашга юбориш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Бундан ташқари, ушбу тоифадаги беморларнинг яқин қариндошлари мурожаати, уларни даволаш учун ажратилган дори воситаларининг етарлилиги ўрганилди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ва ишчи гуруҳи томонидан Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди.
Тадбирда ёшлар билан самимий суҳбат ўтказилиб, уларнинг таълим жараёнидаги эҳтиёжлари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Ёшлар томонидан тенгдошлари орасида жиноятларни барвақт олдини олиш, бандлигини таъминлаш, касбга йўналтириш, IT соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш борасида стартаплар бўйича билдирилган фикрлар қўллаб-қувватланиб, масъулларга топшириқлар берилди.
Учрашув якунида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби раҳбари - Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раислигида Президентнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллаларида ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича сайёр йиғилиш ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ўтказилган йиғилишда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда Жўқорғи Кенгес, Вазирлар Кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Адлия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг масъул раҳбарлари, уларнинг ҳудудий тузилмалари бошлиқлари, республика, шаҳар ва туманлар ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда ҳоким ўринбосарлари иштирок этди.
Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни кучайтириш, маҳаллаларни видеокузатув камералари ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш, намунавий “хавфсиз кўча” ва “хавфсиз уй”ларни ташкил этиш, алоҳида тоифага кирувчи, пробация назоратида бўлган ҳамда муқаддам судланган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш, шунингдек, тиббиёт муассасалари ҳисобида турувчи шахсларни мажбурий даволаш борасида кўрилаётган чоралар ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, ушбу йўналишларда хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек, фаолиятини намунали ташкил этган масъулларни рағбатлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири