Ишчи гуруҳ ўрганишни давом этмоқда
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Республика идоралараро ишчи гуруҳи аҳоли муаммоларини ўрганиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда.
Асосий эътибор жиноятчиликни олдини олиш дастурларининг ижроси ҳамда аҳолининг ишсизлик билан боғлиқ муаммоларини бартараф этишда маҳаллабай тизими асосида олиб борилаётган ишларга қаратилди.

Ўрганиш жараёни вилоятнинг Мирзачўл туманидаги “Мирзачўл агропром” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишишдан бошланди.
Тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ушбу корхонада ҳозирда асосан 100 нафардан ортиқ мирзачўллик хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Лойиҳа доирасида бу ерда 240 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар талаб юқори бўлганлиги сабаб тўлиғича ички бозорга йўналтирилган.
Қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида хавфсиз муҳитни яратиш ва оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳалла ва қишлоқларда шакллантирилган бешликнинг, яъни ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликдаги фаолиятлари Мирзачўл тумани 3-сектор мисолида ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, Пўлат Бобожонов – Дўстлик туманининг “Саноатчилар” МФЙда барпо этилаётган микромарказда ҳам бўлди. Бу ерда 40 миллиард сўм маблағ эвазига 152 та тадбиркорлик лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Ҳудудда чинни буюмлар, алюминий профилли эшик ва дераза ромлари, темир буюмлар, ротбанд елимлари, шланглар, шпатлёвка, профнастил, гулқоғоз, синтепон, пенопласт, тунукафон, совун, чорва озиқаси каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, инкубатор, қушхона, пахта титиш цехи, мол бозори фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Аҳоли билан учрашувларда бўлган мулоқотлар чоғида мазкур тадбиркорлик субъектлари жорий йилнинг апрель ойида иш бошлаши, натижада 500 кишининг бандлиги таъминланиши, йилига 72 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиши таъкидланди.
Вазир Дўстлик тумани ИИБда қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши билан ҳам танишди. Тизим ходимлари учун яратилаётган ёпиқ ва очиқ спорт майдончалари кўздан кечирилди. Бундан ташқари, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штабида ишчи гуруҳ ва мурожаатчилар учун яратилган шароитларни атрофлича ўрганди. Ёшларни ҳунармадчиликка ўргатиш мақсадида тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган “Мини мономарказ” фаолияти ишчи гуруҳга катта қизиқиш уйғотди. Маълумот ўрнида, мазкур марказда таълим муассасасининг 50 нафар ўқувчисига дурадгорлик, пазандалик, тикувчилик, сартарошлик каби бир қатор касблар ўргатилмоқда. Шунингдек, ушбу марказда инглиз ва француз тиллари ҳам ўқитилади. Бундан ташқари, ҳудудда 7 сотихлик иссиқхона қурилган ҳамда ўғит тайёрлаш йўлга қўйилганлиги таҳсинга лойиқ.

Пахтакор туманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами йилдан-йилга ортяпти. Пўлат Бобожонов бу борадаги ишлар билан танишиш мақсадида “Paxtakor gold textile” МЧЖга қарашли ип-калава фабрикасида бўлди. Ишчи-хизматчилар билан мулоқот чоғида мазкур лойиҳа доирасида келгусида яна 860 та янги иш ўрни яратилиши таъкидланди. 2019 йилда фаолият бошлаган корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тўғридан-тўғри экспорт қилинмоқда.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Республика идоралараро ишчи гуруҳи Жиззах вилоятидаги ўрганиш ишларини давом этирмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА