Ишбилармон хотин-қизлар учун ноёб платформа
Фарғона шаҳрида “Ўзбекистон Республикасида тадбиркор аёллар ва ёш хотин-қизлар учун мураббийлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” лойиҳаси якунига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Лойиҳа “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Финляндия ҳукуматининг молиявий кўмаги асосида амалга оширилди.
Лойиҳага кўра Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 150 нафардан ортиқ хотин-қиз ўртасида сўровнома ўтказилиб, уларнинг таклиф-мулоҳазалари ўрганилди. Чекка ҳудудларда яшаётган, зукко, интилувчан, ўз оилавий бизнесини йўлга қўйиш ниятидаги қизлар ва аёллар саралаб олинди. Улар иштирокида юқоридаги уч вилоятда Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга бағишланган давра суҳбатлари ташкил этилди. Қўшилган қиймат занжирини ҳосил қилувчи йўналишларда лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тақдимотлар давомида видеоконференция шаклидаги мулоқотда Сирдарё вилоятидан “Agro Youth” ишлаб чиқариш кооперативи директори, “Дўстлик” ордени соҳиби Барчиной Усмонова, Намангандаги “Runamtex” хорижий корхонаси директори, “Шуҳрат” медали соҳиби Маҳфуза Гюмюш ва Сирдарё вилоятидаги кўп тармоқли кластер раҳбари Гулчеҳра Жонжигитова билан суҳбатлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-14078]
Яна бир аҳамиятли жиҳати, лойиҳа доирасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари “Тадбиркор аёл” ассоциациялари қошида “Менторлик мактаби” ташкил этилди. Мультимедиа воситалари ва замонавий ўқув ускуналари билан жиҳозланган ушбу мактаблар бизнес оламида мустаҳкам ўрин эгаллашни мақсад қилган ишбилармон аёллар учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/POkSrPx0WUA" title="Ишбилармон хотин-қизлар учун ноёб платформа" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА