Ис газидан заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммукациялар агентлигида шу мавзуда брифинг ташкил қилинди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов ва қўмита мутахассислари иштирок этган тадбирда ис газидан заҳарланиш оқибатлари ҳақида гап борди.
– Ҳар йилги ўрганишлар кўрсатадики, ис газидан заҳарланишнинг асосий сабаби, кўп хонадонли уйларда иссиқлик етказиб бериш тизимининг яроқсиз ҳолга келишидир, – дейди Б.Ғуломов. - Кўп хонадонли уйларда иситиш етказиб берилмаслиги натижасида хонадонларда ўзбошимчалик билан ўрнатилган қўлбола иситиш печларидан фойдаланиш, уйда газ ёқиш, овқат пишириш жараёнида босим пасайиши, узилиши ёмон оқибатларга олиб келади. Аҳоли кечаси бу мосламаларни қаровсиз, яъни ёниқ қолдириши оқибатида ис газидан эмас, газнинг ўзидан заҳарланади.
Яна бир сабаб: эрталаб газ ўчиб, қайта газ келиши туфайли ухлаб ётган киши уйқусираб чироқни ёқади. Натижада учқундан чатнаш, портлаш содир бўлади.
Ис газига тўхталадиган бўлсак, босим пасайса-пасаймаса ҳам, олов ёниб тураверади. Хона шамоллатилмайди. Шунда хонада газ концентрацияси кўпайиб, кислород камайиб кетади ва ўпкада асфекция деган ҳодиса рўй беради.
М.Тошқораева, ЎзА