Ирригация инфратузилмасини яхшилаш – барқарор таъминот омили
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида сувдан оқилона фойдаланиш масаласи ислоҳотларнинг илк босқичиданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлаб, йирик магистрал каналларни бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва сув ресурсларини иқтисод қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Бугунги кунда республикамизда суғориладиган ер майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этади. Уларга хизмат қиладиган жами 173,5 минг километр суғориш тармоқлари мавжуд. Шундан 28,7 минг км магистраль ва хўжаликлараро каналлар, 48,6 минг км “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ҳисобидаги тармоқлар, 96,1 минг км кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқлари ҳисобланади.

Энг катта масала сув йўқотишларини камайтириш, шу мақсадда тупроқ ўзанли каналларни бетонлаштиришдир.
Сўнгги уч йил давомида давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан ирригация объектларини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1 550 км каналлар ва 325,5 км суғориш тармоқлари янгидан қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Шунингдек, 102 та йирик гидротехник иншоот ва 29 та насос станцияси замонавий талаблар асосида тўлиқ модернизация қилинди. 1 минг 38 км коллектор-дренаж тармоқлари янгидан қурилиб, 32 минг 800 км қисмида тозалаш ишлари тизимли равишда амалга оширилди.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 5 триллион 900 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 1,3 миллиард куб метр сув ресурслари иқтисод қилинишига эришилди ҳамда 858 минг гектар ер майдонларининг сув таъминоти даражаси сезиларли равишда яхшиланди. Шу билан бирга, 51 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди, 319 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди ва 86,2 минг гектар шўрланган майдонлар қисқариши таъминланди.
Бу рақамлар нафақат статистик кўрсаткич, балки юз минглаб фермер ва деҳқонларнинг меҳнати енгиллашгани, ернинг унумдорлиги ошганидан далолат беради.

Алоҳида қайд этиш жоизки, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш учун рекорд даражада — 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида 494 мингдан ортиқ хонадоннинг 88 минг гектар томорқа ерларида сув таъминоти яхшиланди. Бу аҳолининг ижтимоий фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Жорий йилда эса бюджетдан ажратиладиган 1,6 триллион сўм маблағлар ҳисобига ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу маблағлар эвазига 635 км каналлар, 35,2 км лоток тармоқлари, 65,5 км ёпиқ суғориш тармоқлари, 19 та гидротехник иншоот, 46 та суғориш қудуғи, 18,3 м3/сек сув чиқариш қувватига эга бўлган насос станциялар, 12,2 км босимли қувурлар, 249,1 км очиқ ва 78,7 км ёпиқ-ётиқ коллектор дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, 5 минг 343 км узунликдаги канал тозаланиб, 5 минг 437 дона гидротехника иншооти ҳамда 5 минг 272 дона гидропост таъмирланади ва тикланади.
Натижада каналларнинг фойдали иш коэффициенти 0,67 дан 0,68 гача оширилади, 332,8 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти, 54,2 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 249 миллион м3 сув йўқотишларнинг олди олинишига эришилади.
Шу кунга қадар каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхатга киритилган 70 та объект доирасида умумий узунлиги 473 км бўлган каналларда ер ишлари, шунингдек 428 км узунликда бетонлаш ишлари, 5,2 км узунликдаги лоток тармоқларини ҳамда 3,2 км узунликдаги ёпиқ суғориш тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Ҳозирда, мазкур объектларда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Каналларни бетонлаштиришга қўшимча маблағлар
Президентимизнинг 2026 йил 5 мартдаги “Суғоришда сув йўқотишларини камайтириш ва сув танқислигининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини сув хўжалиги соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг навбатдаги амалий тасдиғи сифатида кўриш мумкин.
Мазкур ҳужжат соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш ва ортиб бораётган сув танқислиги шароитида барқарор таъминотни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Қарорда асосий мақсадли кўрсаткичлар сифатида сув йўқотилиши юқори бўлган 389 км каналларни реконструкция қилиш ва бетонлаштириш белгиланган. Бу орқали йилига ўртача 206 миллион куб метр сув ресурслари тежалиши, 26 млн кВт/соат электр энергияси иқтисод қилиниши, 159 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича шаклланадиган қўшимча бюджет маблағлари ҳисобидан 600 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Шундан 480 миллиард сўм — каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишларига, 120 миллиард сўм — сув танқислигининг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирларга йўналтирилади.
Энг муҳим жиҳати, мазкур қарор ижроси орқали сув танқислиги хавфини 20–30 фоизгача камайтириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни 20–30 фоизга ошириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини эса 15–25 фоизга кўпайтириш имконияти яратилади.
Энергия самарадорлиги ва насос станциялари модернизацияси
Насос станциялари сув хўжалиги тизимидаги энг кўп энергия истеъмол қилувчи сегмент ҳисобланади.
2018 йилда соҳада 8,3 миллиард кВт/соат электр энергияси сарфланган бўлса, 2025 йил якуни билан бу кўрсаткич 6,4 миллиард кВт/соатгача туширилди. Етти йил ичида истеъмолнинг 1,9 миллиард кВт/соатга камайтирилиши тизимни модернизация қилиш самараси ҳисобланади. Бунинг учун ҳар йили насос станцияларидаги эскирган насос ва электродвигателларни янгилаш ҳамда насос станцияларга энергия тежамкор қурилмалар ва қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилиб келинмоқда.
Мисол учун, 2025 йилнинг ўзида насос станцияларга 157 та янги насос ва 166 та замонавий электродвигателлар ўрнатилди. Шунингдек, 135 та частота ўзгартирувчи қурилма ва 165 та конденсаторлар жорий этилди. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадида 752 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Сув хўжалигида бюджет юкламаларини камайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига алоҳида урғу берилаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2030 йилга қадар давлат-хусусий шериклик асосида сув хўжалиги объектларини бошқариш лойиҳалари сонини 2 минг 183 тага етказиш вазифаси белгиланган.
2020-2025 йилларда жами 1 943 та, қиймати 478 миллиард 902 миллион сўм бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилган.
Бунинг натижасида Сув хўжалигида амалга оширилган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида жами 218,2 миллион кВт соат электр энергия ресурслари тежалишига эришилди.
Хусусий шериклар томонидан киритилган инвестиция маблағлари ҳисобига 198 та насос, 157 та электродвигатель, 107 та қуёш панели, 66 та онлайн сув ўлчаш, 32 та частота ўзгартирувчи, 84 та конденсатор қурилма, 19 та трансформатор, 90 та бошқарув шкафлари ўрнатилган, 88 та насос станциялар биноси таъмирланган.
Бугунги кунга қадар Нарпай, Сардоба, Оқолтин ва Дўстлик туманларида жойлашган барча сув хўжалиги объектлари хусусий шериклар бошқарувига берилган.
2026 йилда Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида насос станцияларининг 50 фоизи, 2027 йил якунига қадар Наманган вилоятида 100 фоиз насос станциялари давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга берилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Германиянинг “LEMAN SWMS Investment” консорциуми, АҚШнинг “INTERNATIONAL FINANCE CORPORATION”, “Flowserve”, Хитойнинг “China Energy Co.,Ltd” ва “Sinoma International Engineering Co.,Ltd”, Саудия Арабистонининг “Miahona”, Сингапурнинг “Watchman Group” компаниялари билан ҳамкорликда ДХШ лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга ошириш орқали ушбу объектларда харажатларни 15-30 фоизга камайтиришга, шунингдек, сув ресурсларини “Бир насос-бир тизим” тамойили асосида самарали бошқарилишига эришилади.
Н.Насриев,
ЎзА