Иқтисодиётда қайси тармоқлар кўпроқ ўсиш имкониятини беради?
Бугун иқтисодиётни ривожлантиришда фақат қанча маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани эмас, унинг қанчалик мураккаб ва юқори қўшилган қийматга эга экани ҳам муҳим.
Қайси тармоқларда ўсиш имконияти бор, қайси маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мамлакатга кўпроқ манфаат келтиради — бундай саволларга аниқ маълумот ва таҳлил асосида жавоб топиш зарур.

Шу мақсадда Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан Гарвард университетининг Иқтисодий мураккаблик индекси методологияси бўйича онлайн тренинг ташкил этилди.
Тренингда иқтисодиётни диверсификация қилиш, яъни мамлакатда янги ва рақобатбардош тармоқларни ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Машғулотни Гарвард университетининг Иқтисодий мураккаблик индекси методологияси ҳаммуаллифи, профессор Сезар Ҳидалго олиб борди. Унда иқтисодиётнинг қайси йўналишларида салоҳият юқори эканини маълумотлар асосида баҳолаш, мавжуд имкониятларни аниқлаш ва шу асосда самарали қарорлар қабул қилиш бўйича илмий-амалий ёндашувлар тақдим этилди.
Иқтисодий мураккаблик индекси мамлакатнинг «нимани ишлаб чиқара олиши ва яна нималарни ишлаб чиқаришга қодирлиги»ни баҳолашга ёрдам беради. Бу эса келгусида янги тармоқларни танлаш, экспорт турларини кўпайтириш ва юқори даромад келтирадиган маҳсулотларга ўтиш учун муҳим таҳлилий восита ҳисобланади.
Тренинг якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, методологиядан иқтисодий таҳлил ва қарор қабул қилишда фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур тадбир орқали Ўзбекистонда иқтисодий жараёнларни рақам ва далиллар асосида баҳолаш, саноат ва экспортда янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ҳамда узоқ муддатли ривожланиш қарорларида замонавий таҳлил усулларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.
Нигора Раҳмонова, ЎзА