Иқтисодиётда давлат улуши қисқаради
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетлари (улушлари) рўйхати;
Оммавий савдоларга чиқариладиган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхати;
Маҳаллий фонд бозорида акцияларининг бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган корхоналар рўйхати тасдиқланди.
Давлат иштирокидаги корхоналар акцияларининг оммавий таклифини ўтказиш жараёнида:
қабул қилинган буюртмалар асосида акцияларни уюшган савдоларда сотишда олди-сотди битимлари инвестиция воситачилари томонидан қатъий равишда "Тошкент" РФБ савдо майдончасида рўйхатдан ўтказилади;
маҳаллий инвесторларнинг буюртмаларини қабул қилиш "Тошкент" РФБ савдо майдончасида амалда бўлган усулларга қўшимча равишда, "E-AUKSION" электрон савдо платформаси, шу жумладан унинг мобиль иловасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Бунда, "E-AUKSION" электрон савдо платформасида барча инвестиция воситачилари ва уларнинг мижозлари учун шахсий кабинет яратиш орқали буюртмаларни реал вақт режимида беғараз асосда қабул қилиш, инвесторларни идентификация қилиш, инвестиция воситачилари билан тегишли шартнома тузиш, депо ҳисобварағини очишда тенг имконият таъминланади.
Давлат активларини сотишни жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш мақсадида:
давлат активлари уч ой давомида сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич нархи қолдиқ (баланс) қиймати ёки соф активлари миқдоридан қатъи назар 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади. Бошланғич нархи пасайтирилгандан кейин ҳам уч ой муддатда сотилмаган тақдирда хусусийлаштиришнинг бошқа усуллари қўлланилади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан "E-AUKSION" электрон савдо платформаси орқали 2024 йил 1 январга қадар тузилган ижара шартномалари бўйича ижарага олинганига камида беш йил бўлган давлат мулки объектини Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш ва бино-иншоотларни турли даражада яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинган ҳамда ушбу объект хусусийлаштириш дастурига киритилган тақдирда уларга ушбу давлат мулки объектини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади;
давлат акция пакетлари хорижий инвесторларга "Тошкент" РФБ савдолари орқали хорижий валютада сотилиши ва улар бўйича тўловлар шартномада белгиланган валютада амалга оширилиши мумкин.
2024 йил 1 майдан бошлаб, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотишни тезлаштириш ва улар негизида ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) объектларини ишга туширишни рағбатлантириш мақсадида:
а) аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уч ой давомида сотилмаганда, уларнинг бошлангич нархи 30 фоизигача, олти ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади ва сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини уч ой муддатда, қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
б) ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 4 ва 5-тоифаларга киритилган туманларда жойлашган давлат активлари ҳамда мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича:
дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича фоизларни ҳисоблаш тартиби бекор қилинади;
тўловларни, миқдоридан қатъи назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш учун амалга ошириладиган дастлабки тўлов миқдори 35 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган режага мувофиқ халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари бўйида жойлашган ер участкаларида замонавий сервис ва савдо-маиший объектларини барпо этиш учун мастер-режа асосида ер участкалари уларнинг тоифасидан қатъи назар аукцион савдоларига чиқарилади.
Давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмайди, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганда, харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилади.
Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарининг бош режасига мувофиқ:
саноат зоналари инфратузилма билан таъминлангандан ва давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилингандан сўнг улар ҳудудидаги ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади;
саноат зоналарида ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида хусусий инвесторлар томонидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда инфратузилма билан таъминлаш ишларининг амалга оширилишига рухсат берилади, кейинчалик ушбу харажатларни саноат зоналарининг маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
ЎзА