Иқтисодий трансформация даври: Марказий Осиё янги глобал иқтисодий фаоллик маркази сифатида
Таъкидлаш керакки, Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ) қарийб ўттиз йил давомида иқтисодиёт, инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш бўйича энг нуфузли халқаро майдонлардан бири бўлиб келмоқда. Бугунги кунда ПХИФ давлатлар, бизнес вакиллари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти ўртасида жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши ҳамда ҳамкорликнинг янги моделларини шакллантириш масалалари юзасидан мулоқот майдони вазифасини бажармоқда.
Жорий йилги йиғин “Прагматик мулоқот – барқарор келажак сари йўл” шиори остида ўтказилди. Форумда 130 дан ортиқ давлатдан 20 мингдан зиёд вакиллар иштирок этди. Иштирокчилар орасида Хитой, Бразилия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Африка, Лотин Америкаси ва Марказий Осиё давлатлари делегациялари ҳам бор. Эътиборлиси, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев форумнинг фахрий меҳмони сифатида қатнашди, делегациямиз эса ПХИФ–2026 иштирокчилари учун кенг қамровли маданий ва бизнес дастурини тақдим этди.

Форумга бўлган катта қизиқиш нафақат иштирокчилар кўлами, балки муҳокама қилинаётган масалаларнинг долзарблиги билан ҳам аҳамиятли. ПХИФ–2026 дастуридан жаҳон иқтисодиётининг трансформацияси, халқаро савдо, транспорт йўлакларини ривожлантириш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, энергетика, саноат ва инсон капиталига бағишланган 150 дан ортиқ тадбир ўрин олди. Форум ишида БМТ, МДҲ, ОПЕК, БРИКСнинг Янги тараққиёт банки, APEC ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
Конференция иштирокчилари таркиби жаҳон иқтисодиётида юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар ва янги глобал ўсиш марказларининг шаклланаётганини яққол намойиш этмоқда. Агар илгари асосий эътибор РФнинг Европа бозорларидаги анъанавий ҳамкорлигига қаратилган бўлса, бугунги кунда Осиё, Яқин Шарқ ва Лотин Америкаси давлатларининг роли тобора ортиб бормоқда. Шу фонда Марказий Осиё янги Евроосиё архитектурасида муҳим ўсиш марказларидан бири ва стратегик жалб этиш ҳудуди сифатида тобора кўпроқ эътироф этилмоқда.
Минтақамизнинг аҳамияти ортиб бораётганлиги бир қатор омиллар билан изоҳланади. Марказий Осиёда 80 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, у катта табиий ресурсларга эга ҳамда тарихан Россия, Хитой, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги стратегик ҳудуд сифатида муҳим ўрин тутиб келган. Глобал логистика занжирларининг ўзгариши ва янги транспорт йўналишларининг шаклланиши шароитида ушбу афзалликларнинг аҳамияти янада ортмоқда.

Бугунги кунда “Марказий Осиё+” формати минтақа давлатларининг Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Япония, Корея Республикаси, Европа Иттифоқи ҳамда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши каби йирик халқаро ҳамкорлар билан алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим механизмларидан бирига айланди. Ушбу формат Марказий Осиё давлатларига ташқи ҳамкорлар билан тизимли мулоқот олиб бориш ва халқаро жараёнлардаги ролини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Шу нуқтаи назардан, Россия йўналиши Марказий Осиё ўлкаларининг ташқи алоқалар тизимида муҳим ўрин тутишда давом этмоқда. Сиёсий мулоқотнинг ривожланиши савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши билан бирга кечмоқда. Экспертларнинг баҳолашича, 2025 йил якунларига кўра Россиянинг минтақа давлатлари билан умумий товар айирбошлаш ҳажми қарийб 50 миллиард АҚШ долларига етган бўлиб, бу ўзаро ҳамкорлик тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
РФнинг минтақадаги энг йирик савдо ҳамкорлари Қозоғистон ва Ўзбекистон бўлиб, 2025 йилда савдо ҳажми мос равишда 27,4 миллиард ва 13 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик ҳам ижобий суръатларни намоён этмоқда. Шу билан бирга, ҳамкорлик тобора савдо доирасидан чиқиб, саноат кооперацияси, инвестициялар, логистика, энергетика, рақамли технологиялар ва кадрлар тайёрлаш каби йўналишларни қамраб олмоқда.
Мазкур жараёнларда Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Сўнгги йилларда мамлакатимиз Марказий Осиёнинг йирик иқтисодий марказларидан бири сифатидаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади. 2025 йил якунларига кўра юртимизнинг умумий ташқи савдо айланмаси 81 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Бироқ Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлардаги аҳамияти фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан белгиланмайди. Республика янги ҳамкорлик механизмларини шакллантиришда фаол иштирок этиб, тобора кўпроқ аниқ интеграцион лойиҳаларнинг ташаббускори сифатида намоён бўлмоқда. Бу айниқса, Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликда яққол кўзга ташланади. Тошкент транспорт, саноат кооперацияси, энергетика ва инновацион ривожланиш соҳаларидаги ташаббусларни изчил илгари сурмоқда.
Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг ПХИФ–2026 даги иштироки алоҳида эътиборни тортди. Форум Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни намойиш этиш ва мамлакатнинг иқтисодиёт, инвестициялар ҳамда саноат кооперацияси соҳаларидаги янги имкониятларини тақдим этиш учун муҳим майдонга айланди.
Саммит давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган иқтисодий ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар алоҳида эътибор марказида бўлди. Хусусан, ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва Бухорода “Марказий Осиё – Россия” саноат инжиниринг хабини ташкил этиш, “Агроэкспресс Марказий Осиё – Россия” лойиҳасини ҳамда Шимол – Жануб халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш таклиф этилди.
Энергетика ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишига айланмоқда. Марказий Осиё давлатлари ва Россия анъанавий ҳамда атом энергетикаси, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳиятга эга. Шу муносабат билан Атом энергетикаси бўйича минтақавий компетенциялар марказини ташкил этиш ва Россия ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида комплекс энергетик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклифлари катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Марказий Осиё – Россия” формати доирасида муҳокама қилинаётган ташаббуслар орасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, рақамли технологиялар бўйича минтақавий эксперт механизмларини яратиш ва инновацион марказлар ҳамда ИТ-компаниялар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам мавжуд.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги технологик ҳамда саноат ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси негизида “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу ташаббус Евроосиё ҳамкорлигининг кенгроқ тизимига мантиқан уйғунлашади. Агар ПХИФ ҳамкорликнинг стратегик қарашларини шакллантирса, “Марказий Осиё – Россия” формати устувор йўналишларнинг сиёсий мувофиқлаштирилишини таъминлайди. “Иннопром. Марказий Осиё” эса бизнес, ҳудудлар, инвесторлар ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик орқали ушбу мақсадларни амалиётга татбиқ этиш майдони вазифасини бажаради.
Жорий йил апрель ойида пойтахтимизда ўтказилган олтинчи “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси ушбу форматга бўлган талаб ортиб бораётганини тасдиқлади. Уч кун давомида кўргазмага 35 давлатдан 11 мингдан ортиқ вакил ташриф буюрди. Унда Россиянинг 500 дан зиёд компанияси иштирок этиб, 64 та ҳудуди делегациялари эса ўз кўргазмаларини тақдим этди.
Бугунги кунда Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида умумий қиймати 47 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 330 дан зиёд қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳамкорликнинг анъанавий савдодан узоқ муддатли инвестицион ва саноат шериклик моделига ўтаётганидан далолат беради.
ПХИФ–2026 Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган ўзаро қизиқиш юқори даражада сақланиб қолаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, форум алоҳида икки томонлама ташаббуслардан қўшма инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этишга асосланган тизимли ҳамкорлик моделига босқичма-босқич ўтилаётганлигини намойиш этди.
Шу фонда Марказий Осиё Евроосиёнинг муҳим иқтисодий фаоллик марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Ўзбекистон эса ушбу янги минтақавий кун тартибининг амалий мазмунини шакллантираётган давлатлардан бири сифатида ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда.
Азамат Тошев,
Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи