“Иқтисодчилар боғи” ташкил этилди
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро вилояти Вобкент туманининг Шанба маҳалласида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган 1 гектардан ортиқ ер майдонида вилоят ҳокимлиги иқтисодий мажмуа таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар ташаббуси билан боғ барпо этишга киришилди.
Дастлаб бутазорга айланган ташландиқ майдон бегона ўт-ўландан тозаланди. Танланган ер майдонининг шўрланган тупроқ қисми махсус техника ёрдамида олиб ташланди. Ер шудгор қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилди.

Шундан сўнг дарахт ўтқазиш ҳаракати бошланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов, туман ҳокими Фарҳод Умаров бошчилигида секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, вилоятдаги иқтисодий мажмуа таркибидаги корхона,ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар кўчат экиш бирламчи масала эканлиги, аммо уни парваришлаш, тутиб кетиши учун етарли шароитни яратиб бериш муҳим жараён ҳисобланишини алоҳида таъкидлашди. Зеро, бугунги хайрли ишлар кун келиб, албатта, ўз натижасини беради.

Шу куни тадбир иштирокчилари томонидан 6 хилдаги 1200 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири