Иқтидорли ёшлар йирик халқаро ташкилотларда стажировка ўтайди
Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги учун ёш талантлар миллий танлови иштирокчилари билан мулоқот ташкил этилди. Унда Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда танлов иштирокчилари қатнашди.
Мулоқот давомида танловнинг кейинги босқичлари, хорижий стажировкаларни ташкил этиш муддатлари ва тартиби, иштирокчилар эътибор қаратиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар ҳамда улардан кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Ҳусаинов танловнинг аҳамияти, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида замонавий билим, янгича фикрлаш ва илғор ёндашувларга эга иқтидорли ёшларга бўлган эҳтиёж масалаларига алоҳида тўхталди.
Иштирокчиларга ишонч билдирилиб, улар келгусида соҳа ривожига янги ғоя ва ташаббуслар олиб кириши, халқаро тажрибани ўзлаштирган салоҳиятли кадрлар сифатида шаклланиши муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда иштирокчилар олдида турган муҳим вазифалар, хорижий тажрибани пухта ўзлаштириш ҳамда келгусида эгалланган билим ва кўникмаларни мамлакатимиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари ривожига самарали татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчиларга стажировка дастурларининг техник талаблари, уларни ташкил этиш жойлари ва муддатлари ҳамда кейинги жараёнлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маълумот учун: танловнинг бешта устувор йўналиши бўйича жами 187 ариза келиб тушган. Тест, ассессмент ва суҳбат босқичлари якунига кўра энг юқори натижаларни қайд этган 50 нафар йигит ва қиз танлаб олинди.
Жорий йилнинг сентабрь ойида 10 нафар иштирокчи БМТнинг очарчиликка қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга масъул бўлган ихтисослашган халқаро агентлиги – ФАО ва БМТнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда қишлоқ жойлардаги қашшоқлик ва очликни қисқартиришга қаратилган халқаро молия институти – ИФАДнинг Рим шаҳридаги бош қароргоҳларида, яна 15 нафар иштирокчи эса йил якунига қадар ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида стажировка ўтайди. Қолган иштирокчилар 2027 йил давомида босқичма-босқич халқаро стажировка дастурларига жалб этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА