Иқтидорли талаба-ёшлар танлови
Жиззах политехника институтида “Янги Ўзбекистон: Илм қалдирғочлари – 2023” II Республика кўрик-танлови ҳамда талабаларнинг илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Ушбу тадбирда қурулиш-муҳандислик ва саноат йўналишидаги республика олий таълим муассасаларидан келган 200 нафардан ортиқ талаба ёшлар юқори фаоллик билан иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, илм-фан ютуқларини соҳага жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Кнауф Гипс Бухара” ХК МЧЖ ҳамда мазкур олийгоҳ ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда асосий эътибор “Янги Ўзбекистон: Илм қалдирғочлари-2023” II Республика кўрик-танлови ҳамда юқори савияда ўтган талабаларнинг илмий-амалий конференциясига қаратилди.
[gallery-12004]
Танлов қатнашчилари маҳаллий хом-ашёлар асосида тайёрланган, саноат чиқиндилари асосида яратилган, минерал ва кимёвий қўшимчалардан фойдаланиб тайёрланган янги авлод бетонлари, энг яхши қурилиш материаллари ва конструкциялари, шунингдек, жами ўнга яқин энг яхши конструкциявий ишланмалар, замонавий қурилиш материаллари ва конструкциялари асосидаги лойиҳалар, энергосамарадор бинолар, янги қурилиш материаллари, буюмларини яратиш ва ишлаб чиқақриш технологиялари билан иштирок этди.
Булардан ташқари, “Қурилиш конструкциялари” ҳамда “Энергосамарадор биноларни лойиҳалаш” мавзуси бўйича илмий йўналишда бажарилган “Энг яхши битирув малакавий иши (диплом лойиҳаси)” ва магистрлик диссертацияси каби 8 та йўналиш бўйича куч синашди. “Янги Ўзбекистон: Илм қалдирғочлари – 2023” II Республика кўрик-танлови қизғин баҳс мунозараларга бой бўлди.
Кўрик-танлов якунларига кўра, энг кучлилар ғолибликни қўлга киритиб, ташкилотчи ва ҳомийларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Барно Кушбакова,
Жиззах политехника институти “Қурилиш
материаллари ва конструкциялари”
кафедраси ассистенти
ЎзА