Иқтидорли қизлар сараланди
Андижон давлат университетида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган кўплаб иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Жорий йилда вилоятда мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича туман ва шаҳар босқичларида 500 нафардан зиёд иқтидорли қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт, жамоатчилик фаолияти ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича 117 нафарга яқин иқтидор соҳибалари ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

– Зулфияхоним издошлари қаторидан жой олиш юртимиздаги ҳар бир қизнинг орзуси, ҳар бир қиз ўз ютуқлари билан ана шу номга сазовор бўлиш учун ҳаракат қилади, – дейди танловнинг жамоатчилик йўналиши иштирокчиси, Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Муқаддас Шавкатова. – Танловда ўз имкониятларимизни яна бир бор синовдан ўтказдик. Иқтидорли, фаол қизлар кўп, лекин ижоди, фаолияти энг муносиб бўлган иштирокчиларгина танловнинг кейинги босқичига йўлланма олади.

Якуний босқичда йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган 24 нафар иқтидорли қиз танловнинг мамлакат саралаш босқичида қатнашиш учун тавсия этилди.
Танлов доирасида иқтидорли қизлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари, амалий ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Якунда танлов вилоят босқичининг барча иштирокчилари оила ва хотин-қизлар бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА