Иқлим ўзгаришига мослашиш — давр талаби
Бутун Ер сайёрасида иқлим ўзгариши муаммоси авж олиб бораётгани дунё давлатлари ва халқларини жиддий ташвишга солмоқда. Иқлимнинг кескин ўзгариб бориши бевосита бошқа экологик муаммолар юзага келишига ҳам сабаб бўлмоқда. Чўлланиш, қурғоқчилик, сув тақчиллиги, биологик хилма-хилликнинг бузилиши, ўсимлик ва ҳайвонот оламига зиён етиши кабилар шулар жумласидан.
Шу боис, дунё жамоатчилиги, илмий доира вакиллари иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари устида мунтазам иш олиб бормоқда.
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти томонидан "Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий-тадқиқот университетида икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Семинар Жаҳон банкининг МУНИС дастури доирасида амалга оширилаётган “Илмий ташкилотларни модернизация қилиш: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти орқали Ўзбекистоннинг чўл ва тоғли ҳудудларида ёмғир сувини тўплашни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Тадбирда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ва "Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий-тадқиқот университети вакиллари ва бошқа илмий мутахассислар томонидан иштирокчиларга иқлим ўзгариши, сув ресурслари ва гидрометеорологик жараёнларга оид бир қатор илмий маърузалар тақдим қилинди.

Хусусан, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши жараёнлари ва уларнинг оқибатлари, келажакдаги истиқболлари ҳамда ҳаво ифлосланишининг долзарб масалалари, қурғоқчилик турлари, уларнинг сув ресурсларига таъсири каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг сув ресурслари, қор қоплами ва музликларга таъсири, тоғли ҳудудларда қор эришини моделлаштириш ва ёғин-сув балансини ҳисоблашга оид маъруза ҳамда амалий машғулотлар тақдим этилди.
Эксперт ва мутахассислар бугунги кунда иқлим ўзгаришига мослашиш ўта долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ушбу муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашди.
М.Комилова,
ЎзА