Ипакчиликда мажбурий меҳнатга эҳтиёж йўқ
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида АҚШ давлат департаментининг одам савдосига қарши кураш ва назорат қилиш бошқармаси вакиллари Маргарет Жунгк, Сараҳ Соломон ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича вакили Сара Беккер билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонларнинг ташрифидан мақсад ипакчилик соҳасида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, бу бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашишдан иборат.


АҚШлик меҳмонларга Ўзбекистонда ипакчилик тармоғида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан бундан бир неча йиллар аввал воз кечилгани, бугунги кунда ушбу секторда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмаётгани тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, меҳмонларга “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги кластерлар фаолияти, ҳудудий “Агропилла” МЧЖларнинг иш юритиш тизими ҳамда республикада уюшма ташкил топгандан буён қилинган ишлар ҳақида маълумот берилди.


Гулноза Бобоева, ЎзА