Ипакчилик хорижий меҳмонлар эътиборида
“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида “Global Labor Justice” халқаро нодавлат ташкилотининг мажбурий меҳнат дастури директори А.Гилл ҳамда Cotton Campaign халқаро коалицияси координатори Р.Димитрескулардан иборат халқаро делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб меҳмонлар мамлакатимизда мавжуд 11 турдаги тут навларидан ташкил топган тутзор билан танишиб, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотларга эга бўлди. Уюшмадаги миллий ипак маҳсулотлари кўргазмаси, ипак маҳсулотларидан тайёрланган, жумладан, атлас, адрас, шойи ва аъло бахмал каби миллий матолар, тарихий дизайнда яратилган либослар, замонавий андозалар асосида тўқилган жун гиламлар, атторлик буюмлари ҳамда қадриятларимиз акс этган осори-атиқалар билан танишишди.

Шундан сўнг Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси мажлислар залида меҳмонлар билан сўнгги йилларда ипакчилик тармоғида эришилган ютуқлар, иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвестициялар, озуқа базаси, хусусан тутзорларни кенгайтириш ва улардан қандай қилиб самарали ва унумли фойдаланилаётганлиги борасида суҳбатлашилди. Меҳмонларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди.
– Ўзбекистон ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришда катта имкониятга эга, – деди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. – Ундан самарали фойдаланиш масаласига давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари ҳам катта эътибор қаратган. Чунки бу соҳа нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам аҳамиятли. Унда 1 миллионга яқин аҳоли иш билан банд бўлиб, уларнинг 90 фоизи асосан чекка ҳудудларда яшовчи хотин-қизлардир. Биз тўрт йилда босқичма-босқич пилла етиштиришдан бошлаб, мато ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнига етиб келдик.

Мамлакатимизда йилига 25 минг тонна пилла етиштирилади ва ҳозирда 76 та пиллани қайта ишлаш корхоналари бор. 5 та мато ишлаб чиқарувчи фабрикаларимиз фаолият олиб боради. 2022 йилда 50 фоиз ипакни ўзимизда матога айлантириб, хорижга экспорт қилиш режалаштирилган.
Учрашув сўнгида меҳмонлар ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ижобий фикрлар билдиришди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА