“Ипак йўли дурдонаси: элларни ва дилларни бирлаштирган фестиваль
Тарихда “Тошкент кинофестивали” номини олган йирик санъат анжумани кўплаб жаҳон киноси вакиллари ва мухлислари ёдида қолган бўлса ажаб эмас.
Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент кинофестивали илк бор 1968 йилда “Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар дўстлиги учун” шиори остида ўтказилган эди. Ўша йили дунёнинг 22 мамлакатидан таниқли кинопродюсерлар, режисссёрлар ва кино юлдузлари иштирок этган, 50 га яқин картиналар намойиш қилинган. Ушбу кинофестиваль 1988 йилга қадар мунтазам равишда ўтказиб келинган, совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, мазкур тадбир мамлакатимизда фақат 1992 ва 1997 йилларда ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш, ўзбек киносининг тарихий шуҳратини қайта тиклаш мақсадида бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ташкил этилди. “Ўзбекфильм” давлат концернининг замонавий биноси ва павильонлари фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги қарорига мувофиқ, 1968-1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали» «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тикланди, ушбу санъат анжуманини ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланди.
“Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида, ўн учинчи маротаба ўтказилган ушбу кинофестиваль аввало, кино санъати орқали дунё мамлакатлари ўртасида маданий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жаҳон киноусталари билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, инсонпарварлик ва бағрикенглик, халқлар дўстлигини тарғиб қилувчи, маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи энг сара жаҳон киноси дурдоналарини жалб қилиш, ушбу санъат тури орқали халқимизнинг бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга кенг тарғиб этишни кўзда тутади.
Кинофестваль муносабати билан 6-29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган “Халқ юраги” туркумидаги 24 нафар буюк шоир ва адибларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди.

27 сентябрь куни “Ўзбекфильм” киноконцернида Тошкент халқаро кинофестивали муносабати билан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда юздан ортиқ журналист ва блогерлар иштирок этди. Анжуманда кинофествалнинг мақсад ва вазифалари, ундан ўрин олган тадбирлар, тақдимотлар, намойишлар хусусида журналистларга маълумотлар берилди.
Кинфестиваль қатнашчилари ва фахрий меҳмонлари Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Уларнинг кинофестивалдаги иштироки юзасидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Узоқ кутилган тадбир – “Ипак йўли дурдонаси” халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими “Панорама” номи билан машҳур бўлган “Киночилар уйи” биносида бўлиб ўтди.

Иштирокчилар ва меҳмонлар бу ерда яқинда очилган Кино тарихи музейи билан ҳам танишди. Бу ерда ўзбек кинематографиясининг 100 йилдан зиёд тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар, фотосуратлар, кинотасмалар, либослар, қўлёзмалар, машҳур фильмлар афишалари ўрин олган. Афишаларнинг аксарияти кинофестиваль арафасида Россиядан, шунингдек, мамлакатимизнинг турли муассасалари архивларидан келтирилди. Таъкидлаш жоизки, капитал реконструкция бинонинг модернизм даврига оид меъморий кўринишига таъсир қилмаган. Кинотеатрнинг фасадининг кўриниши сақлаб қолинган.
Очилиш маросимида жаҳон ва миллий кинонинг машҳур юлдузлари: 355 хорижлик киноижодкор ва дунёнинг 55 таниқли кино юлдузлари иштирок этди. Очилиш маросимига Озарбайжон, Беларусь, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Россия, Тожикистон, Туркия ва ўзбекистонлик машҳур киноижодкорлар ҳам ташриф буюрди. Очилиш маросимида турли мамлакатлар делегациялари вакиллари, кино ва эстрада юлдузлари анъанавий қизил йўлакдан ўтишди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Респуликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Ренспубликаси Кинематография агнтлиги бош директори Ф.Абдухолиқов, россиялик кинопродюссер ва режиссёр Т.Бекмамбетов, америкалик машҳур мультипликатор ва режиссёр Роб Минкофф ва бошқалар кинофестивалнинг аҳамияти, юртимизда кинематографияни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, бугунги жаҳон киноси олдида турган масалалар хусусида қисқача сўз юритди.
Бир қатор давлатлар делегациялари вакиллари томонидан фестивалнинг расмий байроғи кўтарилди. Шундан сўнг ўзбек ва жаҳон киносида куйланган қўшиқлар асосида тузилган мусиқий композиция томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди. Тадбирда хориж мусиқасининг атоқли вакиллари – Россия халқ артисти Филипп Киркоров, турк мусиқасининг машҳур юлдузларидан бири Сердар Ортач, тожикистоник хонанда Хўжастаи Мирзовали ва бошқалар ижросидаги куй-қўшиқлар янгради.
29 сентябрдан кинофестивалнинг икки муҳим танлови “Янги авлод киноси” ҳамда “Кино беш кунда” лойиҳалари иш бошлади.

“Янги авлод киноси” танловида турли давлатлардан келган киноижодкорлар сўнгги йилларда яратилган қисқа метражли фильмлари билан иштирок этди.
“Кино беш кунда” танлови шартига кўра, дунёнинг 25 та мамлакатидан келган кинорежиссёрлар 5 кун давомида инсоний қадриятлар, экология ва саломатлик, ҳамжиҳатлик, миллий ва глобал қарашлар акс этган қисқа метражли фильмларни суратга олиб, танлов ҳайъатига топшириши керак.
Лойиҳа иштирокчилари 22 сентябрдан бошлаб мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйлаб ўз сценарийлари асосида фильм суратга олишни бошлади. 27 сентябрь куни суратга олиш ишлари якунланди. Фильмлар бўйича “Ёшлик” студиясида монтаж ва овозлаштириш ишлари амалга оширилди. Ёшларнинг ижодий ишларини мамлакатимиз ва турли хорижий мамлакатларнинг кино арбобларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб боришди.

“Янги авлод киноси” ва “Кино 5 кунда” лойиҳалари асосида тақдим этилган фильмлар кинофестиваль павильонларида намойиш қилинди.
“Жаҳон киноси кунлари” ҳам катта тантаналар билан бошланди. Ҳар бир мамлакат киноси кунларининг очилиши катта байрамга айланиб кетди. Пойтахтимизнинг турли маданият муассасалари – “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, Республика Киночилар уйи, Ўзбек Миллий академик драма театри, Муқимий номидаги мусиқали драма театри, Республика қўғирчоқ театри, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, Ёшлар театри сингари маданият ва санъат масканларида кинофестиваль иштирокчилари, миллий ва хорижий кино юлдузлари, мухлис ва мутахассислар иштирок этди.
Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 14 мамлакат – Озарбайжон, Беларусь, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Россия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон киноси кунлари ўтказилди.

Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 14 мамлакат – Озарбайжон, Беларусь, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Россия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон киноси кунлари ўтказилди.
Иштирокчи давлатлар режиссёрлари ва актёрлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Таниқли хорижий кино усталари иштирокида ижодий учрашувлар ташкил этилди. Ҳар бир мамлакат делегацияси учун алоҳида локациялар – кинотеатр ёки театрлар ажратилди.
29 сентябрь куни “Ўзбекфильм” киноконцерни тақдимотида Даниянинг “Danmon Group” компанияси раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, кинофестиваль иштирокчилари таклф этилди. Унда компаниянинг етакчи вакиллари, мутахассислар, фестиваль қатнашчилари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов, Даниянинг “Danmon Group” компанияси масъул ходими Хеннинг Броннум ва бошқалар бу янги техника ва технологияларнинг кинематография ривожидаги аҳамияти, бу борада хорижий корхоналар билан ҳамкорлик истиқболлари, янги асбоб-ускуналардан фойдаланиш масалалари хусусида сўз юритди.

Маълумки, юртимизда кинематография соҳаси учун юқори малакали ижодий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 2018 йил 19 октябрда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида «Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисида» битим имзоланган эди.
2021 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида «С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Айтиш жоизки, бу қарорнинг имзоланиши мамлакатимиз олий таълим тизими ва кинематография ривожида муҳим тарихий воқеа бўлди.
Мазкур филиалда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб драматургия ва продюсерлик йўналишлари бўйича талабаларга сабоқ бериш бошланади.

Кинофестиваль дастуридан ўрин олган “Марказий Осиё мамлакатлари киноси кунлари” ҳамда шу муносабат билан ўтказилган киноконференция минтақавий маданий ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги кинотеатрлар очилиши, янги фильмлар, нашрлар, лойиҳалар тақдимоти ҳам кинофестивалга алоҳида руҳ, ёрқинлик бахш этди.
Шунингдек, кинофестиваль доирасида Қозоғистон, Қмрғизистон, Тожикистон кино ташкилотлари мутасаддилари иштирокида музокаралар ўтказилди. Ҳамкорлик бўйича қатор меморандумлар имзоланди. Тожик, қозоқ, қирғиз, туркман киноижодкорлари томонидан сўнгги йилларда яратилган бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмлар юртимиз экранларида намойиш қилинди.
Кинематография тарихида ҳужжатли кино муҳим ўрин тутади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги қошида Ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси фаолият кўрсатмоқда. Кинофестиваль доирасида турли мамлакатларнинг ҳужжатли кино усталари иштирокида “Ҳужжатли кино кунлари” ҳам ўтказилди. Улар иштирокида давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, турли мамлакатларда яратилган 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди.

Кинематографиянинг энг муҳим масалаларидан яна бири яратилган киноасарларни сақлаш ва кейинги авлодларга бекаму куст етказишдир. Айни пайтга қадар Ўзбекистон Миллий кино фонди ўз биносига эга эмасди. “Ўзбеккино” Миллий агентлигида етарлича шароитлар бўлмагани учун жуда кўп тарихий тасмалар Ўзбекистон миллий архивига топширилган эди. Мазкур санъат анжумани доирасида Ўзбекистон кино фонди ҳам ўзининг алоҳида биносига эга бўлди. Бинонинг очилиш маросимида кўпгина маҳаллий ва хорижий киноижодкорлар иштирок этди.
Турли мамлакатлардан ташриф буюрган таниқли кино арбоблари, кинорежиссёр ва операторлар, актёрлар ва кинотанқидчилар фестиваль кунлари Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишди.
“Тошкентга илк бор фильм ишлаш учун келганман. Бир ой давомида бу ерда яшаганмиз, аммо мамлакат билан яқиндан танишиш имкони бўлмаган, – дейди ҳиндистонлик киноактёр ва продюсер Митхун Чакраборти. – Тошкентга келиб, ҳайратимни бекита олмадим. Aэропортнинг ўзидаёқ улкан ўзгаришларни кўриб, худдики ўзимни Европага келиб қолгандек ҳис қилдим. Aлбатта жуда ҳам чиройли, меҳрли халқингиз ҳам ўзгаришларга кўрк беряпти. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида азалдан жуда яқин дўстона алоқалар бўлган ва бугун ҳам бу алоқалар нафақат кино ва сериаллар, балки барча соҳаларда давом этиб келяпти. Булар мени фақат қувонтиради”.

“Мен дунё кинематографистлари қатори машҳур ва афсонавий кинофестиваль қайта тиклангани учун Ўзбекистон раҳбариятидан жуда миннатдорман, – дейди америкалик кинорежиссёр Стивен Сигал. – Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган таниқли кино намояндалари иштирокидаги мазкур кинофестиваль жуда катта миқёсли воқеага айланишига ишонаман. Янги Ўзбекистондаги Тошкент халқаро кинофестивали дўстона ва ижодий мулоқотларга бой бўладиган майдон сифатида ўзининг аввалги шуҳратини яна қайта тиклайди. Биз биргаликда унутилмас воқеаларни гувоҳи бўлиб, жуда мазмунли кунларни бошимиздан кечирамиз, деган умиддаман.”
“Туркия билан Ўзбекистон ўртасида муштарак жиҳатлар жуда кўп, – дейди туркиялик ҳужжатли кино устаси Ҳусейн Ўзден. – Мен Онадўлида, Туркияда нимани кўрган бўлсам, Ўзбекистонда ҳам шуни топа оламан. Тилимиз, урф-одатларимиз, эътиқодимиз бир. Ўзбекистондаги бу галги ташрифим асносида жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Биргина Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланиши ҳам Янги Ўзбекистоннинг ютуқларидан бири деб бемалол айтиши мумкин.”
Кинофестиваль доирасида Роб Минкофф, Тимур Бикмамбетов, Жерар Депардье, Стивен Сигал, Люк Бессон сингари ўнлаб кино усталари “Ўзбекфильм” павильонларида ёш ўзбек киноижодкорлари учун маҳорат дарслари ўтишди. Ёшлар кино соҳасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Хорижлик машҳур кино юлдузлари ўз фаолияти билан боғлиқ энг қизиқарли воқеаларни, ҳаётий тажрибаларини сўзлаб беришди.
Фестивалнинг тантанали ёпилиши маросими 3 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Renessans Hall” мажмуасида бўлиб ўтди. Маросимда кинофестиваль доирасида бир ҳафта давомида ўтказилган тадбирлар акс этган фильм томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.
Шундан сўнг фестивалнинг нуфузли меҳмонлари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари чиқиб келишди. Россиялик машҳур кинопродюсер, халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзоси Тимур Бекмамбетов кинофестиваль иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.
Мурожаатномада жумладан шундай дейилади: “Салкам чорак асрлик танаффусдан сўнг Сизнинг ташаббусингиз билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” ўн учинчи Тошкент халқаро кинофестивали дунёнинг элликка яқин мамлакатидан келган киноижодкорларни бирлаштирди.
Бир ҳафта давомида жаҳон киносининг сўнгги йилларда яратилган сара намуналари Ўзбекистон экранларида намойиш этилди, дунё кинематографиясида кечаётган ўзгаришлар хусусида фикр алмашилди, маҳорат дарслари ташкил этилди. Фестиваль пандемия боис бир-бирини узоқ вақт кўрмаган, соғинган инсонларга дийдор бахш этди.
Бу йирик кинофестиваль Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивалининг барча яхши анъаналарини ўзида акс эттиргани, халқаро талаблар ва андозалар асосида, юксак даражада ўтказилганини мамнуният билан қайд этишимиз лозим.
Бутун дунёда юз бераётган мураккаб жараёнларга қарамай, ушбу кинофестиваль “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ўтказилгани ҳам рамзий маънога эга. Бу шиор Янги Ўзбекистоннинг – келажакка интилаётган мамлакатнинг янги қиёфасига тўла мос келади”.
Шундан сўнг кинофестиваль иштирокчилари ва ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.
“Кино беш кунда” танлови бўйича германиялик ён киноижодкорлар суратга олган “Қирғоқ” бадиий фильми “Экологик муаммоларнинг ёрқин ифодаси учун” номинацияси ғолиби, деб топилди. Эстониялик режисссёр Надия Тушка “Оилавий қадриятлар ифодаси учун” мукофотланди. “Маърифат ва тараққиёт” номинациясида озарбойжон режиссёр Мурод Ҳусаинов тақдирланди.
Жанубий кореялик режиссёр Пак Су Мин “Такрор хотиралар” фильми учун “Фестиваль кашфиёти” номинацияси ғолиби бўлди. Ҳайъат аъзоларининг махсус соврини ўзбекистонлик Саидаъло Маъсудхоновнинг “Объектив” фильми учун берилди. “Энг яхши эркак роли” учун яна бир ҳамюртимиз Турсунбой Пиржонов, “Энг яхши аёл роли” учун ўзбекистонлик Мадина Маҳмудова тақдирланди. Гран-при “Ипак йўлида” фильми учун ҳамюртимиз, ёш режисссёр Шерзод Назаровга насиб этди.
“Янги авлод киноси” танловида эса “Энг яхши эркак роли” учун тожикистонлик Абдукарим Машраб, “Энг яхши аёл роли учун” “Франка” фильми бош роль ижрочиси Мария Поддубна ғолибликка лойиқ кўрилди. Мазкур фильм режиссёри Дмитрий Семёнов “Энг яхши режиссёрлик иши учун” мукофотини қўлга киритди. Тожикистонлик Манзарали Шерали суратга олган “Юк” бадиий фильми танловнинг энг яхши фильми деб топилди.
Мукофотларни франциялик актёр Жерар Депардье, машҳур кинорежиссёрлар Люк Бессон, Тимур Бекмамбетов, Қозоғистон Республикаси маданият вазири Ақтоти Райимқулова ва бошқалар тантанали равишда топширди. Шундан сўнг делегациялар вакиллари томонидан кинофестиваль байроғи туширилди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекистонлик санъат усталаридан Женисбек Пиязов, Озода Нурсаидова, Равшан Намозов, Жаҳонгир Позилжонов, жаҳон эстрадаси вакилларидан Александр Ревва, “Boney M.” гуруҳи аъзолари ва бошқа жамоалар иштирокидаги куй-қўшиқлар барча кино ва санъат мухлисларига манзур бўлди.
Рустам Жабборов,
Ўзбекистон Республикаси
Кинематография агентлиги
Бадиий кенгаши аъзоси