“Ипак ва Ипак йўли: Ханчжоудан Самарқандгача”
Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида Ўзбекистон ва Хитой маданий-тарихий меросига бағишланган шу номдаги кўргазма очилди.
Кўргазманинг очилишида Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, музейшунос ва тарихчи олимлар, икки давлат музейлари вакиллари иштирок этди.
– Хитой ва Ўзбекистон дунёнинг қадимий цивилизация марказларидан саналади, – деди Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси Чи Жунлин. – Сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарлари томонидан стратегик шериклик муносабатлари, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси ва бир қатор халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон фуқаролари учун Хитойга 30 кунлик визасиз режим жорий қилингани ана шу яқин ҳамкорлик натижасидир. Қолаверса, маданий-гуманитар алоқаларимиз ҳам мустаҳкамланаётгани туфайли бу каби кўргазмалар ташкил этилмоқда.
[gallery-20733]
Уч йил олдин Самарқанд ва Хитойнинг миллий Ипак музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, Ипак йўли бўйлаб маданий меросни муҳофаза қилиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида кўргазмалар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йил Хитойда “Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси”, Самарқандда эса Цин сулоласи даврига оид ипак намуналари, либослар ва шойи маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилган эди.
Хитой миллий Ипак музейи директори Жоу Янгнинг таъкидлашича, Ханчжоу ва Самарқанд Хитой ипак маданиятининг туғилган жойларидан бири ва Ипак йўлидаги муҳим марказлардир. Шу жиҳатдан Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида ўтказилаётган навбатдаги кўргазмада Самарқанддаги нодир экспонатлар ва Танг сулоласининг ипакчилик санъати, безак ва нақшлар, Хитой миллий Ипак музейи хазиналаридан ўрин олган коллекциялар экспозицияга чиқарилган.
Кўргазма бир йил давом этиши кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари