Ипак матолар тўқиш корхонаси иш бошлади
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик тантанаси арафасида Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида атлас, адрас матолар, бахмал ва ипак гилам тўқишга ихтисослашган корхона иш бошлади.
Корхона очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ечиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-3622]
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ишсиз, лекин ишлаш истаги бўлган опа-сингилларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўргатиш, шу орқали уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича қатор топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқ, қолаверса, Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда “Sapfir sanoat” МЧЖ пилла кластери томонидан ташкил этилган мазкур корхонада кўплаб хотин-қизлар иш билан таъминланди. Жумладан, Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да бир ой давомида ҳунар ўрганиб қайтган 17 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар ишга қабул қилинди.
– Марғилондаги “Ҳунармандлар маркази”да бир ой ўқиб, миллий матоларни тўқиш сирларини пухта ўргандик, – дейди тумандаги Тумор маҳалласида яшовчи Фотимахон Қорабоева. – Туманимизда ипакдан миллий матолар тўқиш корхонасининг ишга тушиши, айниқса, биз учун айни муддао бўлди. Энди шу ерда ишлаб, шаҳрихонлик ҳунар ўрганмоқчи бўлган опа-сингилларимизга ушбу ҳунарни ўргатамиз.
Тадбир доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи Марғилонда атлас, адрас, шойи сингари миллий матолар ҳамда гилам тўқиш ҳунарини ўрганиб қайтган 100 нафар хотин-қизга махсус сертификатлар топширилди.
Сертификатларни ўз эгаларига вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Низомова топшириб, вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар режа асосида изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА