Иорданияда бокс бўйича Осиё чемпионати бошланмоқда
Бугун, 31 октябрь куни Иордания пойтахти Амман шаҳрида бокс бўйича бошланаётган XXXII Осиё чемпионатига қуръа ташлаш маросими, техник комиссия йиғилиши бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли мусобақада Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги 13 нафар Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳамда Элшод Расулов мураббийлигидаги 10 нафар боксчи қизларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирланмоқда.
Чемпионат низомига мувофиқ Амман рингларидаги муросасиз баҳсларда биринчи ўринни эгаллаган боксчилар 1200 очко, кумуш ва бронза медаль соҳиблари 900 ва 700 очко жамғаришади.

Шунингдек, 5-ўрин эгалари 400, 7-ўрин 300, 1/16 финал қатнашчилари 150, 1/32 раунд иштирокчилари 50 очкони қўлга киритишади.
Қитъанинг 40 га яқин давлат терма жамоалари қатнашадиган баҳсларда ҳамюртларимиздан — Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов, ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпиони Лазизбек Муллажонов, ёшлар Олимпиадаси совриндори Абдумалик Халаков, Жаҳон чемпионати совриндори Мадиёр Саидраҳимов қатори Руслан Абдуллаев, Асилбек Жалилов, Шаҳзод Музаффаров, Адҳамжон Муҳиддинов, Ҳавасбек Асадуллаев, Асадхўжа Мўйдинхўжаев каби иқтидорли ёшларимиз медаллар учун кураш олиб боради.
Кеча ҳар иккала терма жамоа аъзолари мусобақалар олдидан сўнгги машғулот йиғинларида иштирок этишди.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, спортчиларимизнинг саломатлиги, уларнинг руҳий мувозанати талаб даражасида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтган қитъа чемпионатида боксчи йигитларимиз 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умум жамоада 1-ўринни эгаллаганди. Чемпионат 13 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА