Иордания Подшоҳи Ўзбекистон Президентини самимий табриклади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн aл-Ҳусайн билан телефон орқали суҳбатлашди.
Иордания Подшоҳи давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилади.
Мулоқот давомида Самарқандда ўтган сермаҳсул музокаралар ва эришилган муҳим келишувлар алоқаларимизда янги саҳифа очгани алоҳида қайд этилди.
Мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди.
Етакчилар сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш ҳамда олий даражадаги бўлажак тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигига урғу беришди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.