Инвестициявий ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар ва ишбилармонлар билан истиқболли ҳамкорлик йўналишларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Филиал директори Зафар Ҳакимов бошчилигида ўтказилган мулоқотда Tianjin Fujian Chamber of Commerce, Tianjin Tengxi Technology Co., Ltd., Tianjin Keyuan New Energy Technology Co., Ltd., Fufeng Group Ltd. ҳамда Wellhope компаниялари вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда Янгиер шаҳрида саноат, таълим ва инновацияни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, филиал ҳузуридаги Энергетика технопаркида литий-ион батареяларини ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган компаниянинг жорий фаолияти, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ва корхонанинг келгуси ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мазкур йўналишда хорижий инвестицияларни жалб этиш билан бир қаторда, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

— Мулоқот давомида Хитой компаниялари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, саноат корхоналарининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан янада яқинлаштириш ҳамда талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди, — дейди ТКТИ Янгиер филиалининг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рустам Маҳмудов.

Томонлар таълим, илм-фан, инновация ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали янги лойиҳалар учун зарур илмий ва кадрлар салоҳиятини шакллантириш мумкинлигини қайд этдилар.

Учрашув якунида истиқболли лойиҳаларни аниқлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Бу эса Янгиер шаҳрида замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда таълим ва саноат интеграциясини кучайтириш учун муҳим имкониятларни юзага келтиради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири