Инвестициялар ҳажми 35 йилда қанчага ошди?
Ўзбекистон иқтисодиёти мустақиллик йилларида юқори ўсиш суръатларига эришди.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, сўнгги 35 йил ичида мамлакатимизда инвестициялар ҳажми 14,2 баробарга ошган. Хусусан, 2025 йил давомида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш мақсадида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 591,1 триллион сўм миқдоридаги асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди.
Таққослаш учун, 1991 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 11,6 миллиард рублни ташкил этган бўлса, 1995 йилга келиб 88,9 миллиард сўмга етди. Йиллар давомида инвестициялар оқими изчил суръатда ўсиб борди: 2000 йилда 744,5 миллиард сўм, 2010 йилда 16,4 триллион сўм ва 2020 йилда 210,1 триллион сўм миқдорида маблағлар иқтисодиётга йўналтирилди.
Сўнгги беш йилликда эса ўсиш суратлари янада жадаллашганини кузатиш мумкин. Агар 2021 йилда 239,5 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилган бўлса, 2024 йил якунига келиб бу рақам 507,4 триллион сўмдан ошди. 2025 йилги 591,1 триллион сўмлик кўрсаткич эса мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодий барқарорлиги янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Бундай улкан молиявий оқимлар янги корхоналар ишга тушиши, инфратузилманинг замонавийлашиши ва аҳоли фаровонлигининг ошиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА