Инвестиция ва сув ресурслари бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди
Хоразм вилоятининг инвестициявий салоҳияти ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид ҳамкорлик масалалари бўйича муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б. Улуғбек Ҳусаинов, Хоразм вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Анвар Давлетов ҳамда ҳокимнинг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботир Саидов Буюк Британиянинг “ Moneff” компанияси асосчиси ва бош директори Санжар Мавлянов, Корея Республикасининг “Yoon Young Trading Co., Ltd.” компанияси раҳбари Choy Yun Yon, Венгриянинг Lyudovika давлат хизмати университети халқаро алоқалар бўйича бош директори Liliana Śmiech, “ Korea Cosmetics CIS” компанияси асосчиси Улуғбек Қодиров билан учрашди.

Учрашувда Хоразм вилоятининг инвестициявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти, мавжуд имкониятлар ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида сармояларни жалб этиш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган қатор йўналишлар муҳокама қилинди.
– Бу учрашув вилоятимиз иқтисодиёти учун жуда манфаатли бўлди, дея бемалол айта оламан, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Анвар Давлетов. – Мулоқотлар жараёнида Хоразм вилоятида меҳмонхоналар қуриш учун инвестиция майдонларини аниқлаш ҳамда электр станцияларини барпо этиш имкониятлари, замонавий маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш истиқболлари, Урганч ва Хива шаҳарларида Корея технологиялари асосида ишлаб чиқарилган косметика маҳсулотлари савдо майдонларини ташкил этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашдик. Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини ҳисобга олган ҳолда сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ушбу йўналишдаги мутахассисларни Людовика давлат хизмати университети тажрибаси асосида ўқитиш ва малакасини ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқдик.

Учрашув якунида томонлар билдирилган таклифларни батафсил ўрганиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда истиқболли ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири