Инвестиция нима учун айрим мамлакатларга кўпроқ йўналади?
Дунёда хорижий сармоя бир неча мамлакатда тўпланиб, кўпчилик давлатлар инвестор жалб қилишда қийналмоқда. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган Жаҳон инвестиция форумида айни тафовут сабаби ва сармоя оқимини янги бозорларга йўналтириш йўллари муҳокама қилинди. Тадбирда ҳукумат вакиллари, сармоядорлар ҳамда ишбилармон доиралар иштирок этди.
БМТ Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси ташкил этган мазкур анжуманда сармоя учун зарур шарт – замонавий порт, ишончли инфратузилма, малакали кадр ва аниқ қоидага алоҳида эътибор қаратилди. Бизнесни кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган харажат ошиши ва таъминот занжиридаги узилиш мавзуси ҳам кўтарилди. Кичик мамлакатлар учун қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилиш орқали йирикроқ бозорга чиқиш имконияти муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Форумда сармоядорлар учун хавф юқори мамлакатларда инвестицияни рағбатлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, эҳтимолий зарарнинг бир қисмини қоплашга қаратилган кафолат бериш, лойиҳаларни ҳамкорлар билан бирга молиялаштириш таклиф этилди. Иштирокчилар сармоя жалб қилишнинг ўзи етарли эмаслиги, маблағ янги иш ўринлари яратиши, маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаши, аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА