Инвестиция лойиҳалари амалда
“Ўзсувтаъминот” АЖ масъуллари томонидан соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, бугунги кундаги муаммо ва уларни ечимига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда таъкидланишича, жорий йилда барча дастурлар ҳисобидан
710 та объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 2,3 триллион сўм маблағ ажратилган. Режадаги 6 минг 200 километрдан 3 минг 959,9 километр ичимлик ва 136,3 километр оқава сув тармоғларини қуриш, реконструкция ишлари амалга оширилган. Натижада 873 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланган.
— Ҳудудларда ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизимини яхшилаш юзасидан халқаро молия институтлари иштирокида умумий қиймати 2 миллиард 350 миллион АҚШ долларга тенг бўлган 22 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, - дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Рустам Мамаджанов. - Жумладан, айни пайтда Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан 5 тадан, Европа тараққиёт ва тикланиш банки билан 6 та,
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки билан 1 тадан, Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармалари билан 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу 22 та лойиҳани амалга ошириш учун халқаро молия институтларининг 1 миллиард 973 миллион доллар миқдордаги қарз маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган.
Унинг ҳисобидан 2021 йилнинг 7 ойида 167,8 километр ичимлик суви қувурлари (шундан, 156,4 км – янги қурилиш) ҳамда 63,4 километр канализация қувурлари (41,8 км – янги қурилиш) қурилди ва реконструкция қилинди. Қолаверса, ўзлаштирилган кредит маблағларининг асосий қисми Бухоро, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 1 та сув тозалаш иншооти, 8 та сув тақсимлаш иншооти, 6 та сув қудуғи, 1 та сув минораси, 1 та канализация тозалаш иншооти, 1 та канализация насос станцияси қурилди ва реконструкция қилинди. Шунингдек, тадбирда ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизимларидаги мавжуд камчиликлар ва уларнинг келгусидаги ечими хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
- Республикадаги мавжуд 10 минг 275 та ичимлик сув иншоотларининг лойиҳавий қуввати 13 минг 115 минг м3/сутка бўлиб, амалда 8 минг 171 минг м3/сутка билан ишлаб келмоқда, - дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров. - Ушбу иншоотлардан 2 минг 568 таси таъмирлашга муҳтож. Мавжуд 72 минг киломтер ичимлик сув тармоқларидан 27,3 минг километрини ҳам таъмирлаш зурур. Юртимизда жами 58 та оқава сув тозалаш иншоотлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 3 минг 82 минг метр куб/суткани ташкил этади. Жами 8 минг 621 км оқава сув қувурлари мавжуд бўлиб, 1 минг 919 км таъмирталаб ҳолатда. Умумий ҳисобда республикада оқава сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 17 фоизни ташкил этади. Юқоридаги лойиҳалар ва Президентимизнинг тизимга оид ислоҳотлари натижасида ушбу муаммолар босқичма-босқич бартараф этилаётир.
[gallery-3403]
Нилуфар Бозорова, Оқил Ғуломов, ЎзА