Интенсив боғлар – даромад манбаи
Сахий заминимизнинг ҳар қаричи олтинга тенг. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизда олма, ўрик, шафтоли, олхўри, бодом, ёнғоқ каби меваларнинг юздан ортиқ тури учрайди.
Сахий заминимизнинг ҳар қаричи олтинга тенг. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизда олма, ўрик, шафтоли, олхўри, бодом, ёнғоқ каби меваларнинг юздан ортиқ тури учрайди.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мева-сабзавот ва узум етиштиришни кўпайтириш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда қайта ишлашга ихтисослашган кичик корхоналарни барпо этишда дастуриламал бўлмоқда.
Соҳага қаратилаётган эътибор туфайли мева ва узум етиштириш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Хусусан, 2012-2014 йилларда сабзавот етиштириш 16,3 фоиз, мева етиштириш қарийб 21 фоизга ўсди. Уларнинг экспорт ҳажми ҳам муттасил ортиб бораётир. Бугунги кунда юртимизда етиштирилган мева ва полиз маҳсулотлари Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия ҳамда МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Ҳақиқий боғбон ҳар бир ниҳолни қадрлайди, серҳосил кўчатлар экиш ва парваришлашга алоҳида эътибор қаратади. Шу боис ҳозир боғдорчиликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, интенсив боғлар барпо этиш технологияси ривожланмоқда. 2010 йили Украина ва Польшадан келтирилган пакана ва ярим пакана олма, нок, олхўри, гилос ва шафтоли кўчатлари иқлим шароитимизга тез мослашиб, ҳосил бера бошлади.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишича, бундай боғларни кенгайтириш, уларни деҳқон ва фермер хўжаликларида барпо этиш мақсадида аниқ манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Сўнгги тўрт йилда 50 минг гектарда шундай боғлар ташкил қилинди. Жумладан, 14 минг гектарда тез ҳосилга кирадиган интенсив боғлар барпо этилди. Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 1300 гектардан, Навоийда 750 гектар, Қашқадарёда 600, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида 400 гектардан пакана ва ярим пакана боғлар баравж ривожланмоқда.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Миришкор Сайфиддинова Хонзода” фермер хўжалиги фаолияти бунга мисол. Хўжалик интенсив боғдан бир неча йилдан буён мўл ҳосил олмоқда. Оддий мевали дарахт экилганидан бошлаб ҳосилга киргунга қадар 4-5 йил ўтади. Интенсив боғлар эса иккинчи-учинчи йилдаёқ ҳосилга киради.
Илгари фермер хўжалигининг 25 гектар тошлоқ майдонига насос ёрдамида сув чиқариш учун ҳар йили 10 миллион сўмдан кўпроқ харажат қилинар, бу эса даромадга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатарди. Мулкдор ернинг ҳолатини яхшилаш орқали 2010 йили олма, нок, гилос кўчатлари экиб, 9 гектар ерда боғ яратди. Ҳозир боғ 20 гектарга етди.
– Тўрт хил навдаги олмалар август ва сентябрь ойларида пишиб етилади, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Заҳриддин Сайфиддинов. – Дастлаб 30 тоннага яқин ҳосил олган бўлсак, ҳозир ҳосилдорлик ҳар бир дарахтдан 25 килограммга етди. Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлгани боис меваси сифатли бўлади. Мевани териш ҳам қулай. Бунда иш унуми юқори бўлиши билан бирга, терилган меваларнинг сифатига зарар етмайди, нобудгарчилик камаяди.
Боғ томчилатиб суғорилади. Бу жараёнда бир гектар учун сарфланадиган обиҳаёт миқдори 4-5 баробар, ўсимликни ривожлантириш мақсадида бериладиган маҳаллий ва минерал ўғитлар 2-3 баробар тежалади. Дарахтлар зарур озуқа қўшиб озиқлантирилаётгани туфайли меҳнат сарфи ҳам илгаригига қараганда анча камайди. Бу эса ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштириш имконини беради.
Ана шундай боғ ва токзорлар майдонини кенгайтириш, янги навлар биологияси, иқлим шароитига мослашуви, агротехникасини такомиллаштириш, касаллик ва ҳашаротларга қарши курашишда М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг катта ҳиссаси бор. Бу ерда хориждан келтирилган навлар орасидан энг серҳосил ва иқлимга мослари танланиб, уларни кўпайтириш борасида илмий изланишлар амалиёт билан уйғун олиб борилмоқда.
Натижада кейинги йилларда интенсив боғлар яратишда асосан тоғ ва тоғолди ҳудудлари, шунингдек, сув тақчил ерларда пайвандтагларга пакана илдиз-бўғиз қўйиш йўли билан етиштирилган кўчатлардан фойдаланиш технологияси кенг жорий этилмоқда. Бундай боғлар икки йилда ҳосилга кириб, олтинчи йили гектаридан 50-60 тоннагача мева бериши билан ажралиб туради.
– Интенсив боғларимизда олма, нок, беҳи, ўрик, олхўри, шафтоли, гилос ва хурмо парваришланмоқда, – дейди М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти агротехника бўлими мудири Абдулла Арипов. – Олма кўчатлари тез ҳосилга кириши, кўчатлар қалин экилиши (гектарига 2500-3000 дона) ва ҳосилдорлиги юқорилиги билан кўпчиликка маъқул бўлаётир. Кўчатлар пайванд қилиниб, кўчатзорларда ўстирилади. Интенсив боғларда экилаётган олма кўчатларининг асосий навлари давлат реестрига киритилган пакана бўйли М9 ва ярим пакана ММ106 пайвандтагларига истиқболли навлар пайванд қилиниб, кўпайтирилмоқда.
Пакана олма кўчатининг бир тупи тўлиқ ҳосилга кирганда 50-60 килограмм ҳосил беради ва 18-20 йил яшайди. Ярим пакана олма дарахтининг ҳар тупидан 70-80 килограмм ҳосил олиш мумкин. Уларнинг илдизи тупроқ юзасига яқин жойлашгани сабабли сувга талабчан. Шунинг учун улар томчилатиб суғориш тизимига ўтказилганда яхши ўсиб, тез ривожланади. Мевалари ҳам бир хил шаклини сақлаб қолади.
Институтда аҳолини мевали ва манзарали кўчатлар билан таъминлаш, тегишли тавсиялар бериш борасидаги ишлар ҳам кенг йўлга қўйилган. Жорий йилда бир миллион донадан зиёд ярим пакана, икки миллион дона маҳаллий мевали дарахтлар кўчати ва олти миллион донадан ортиқ ток қаламчаси тайёрланди.
– Ҳозирга қадар соҳибкорларга 300 минг донадан ортиқ ярим пакана кўчат етказиб берилди, – дейди институтнинг селекция ва янги навларни ўрганиш бўлими мудири Равшан Абдуллаев. – 2014 йили мамлакатимизда 5,6 минг гектар майдонда интенсив боғлар ташкил этилган бўлса, жорий йилда бундан ҳам юқори кўрсаткич мўлжалланмоқда. Фермерларнинг боғ яратишга бўлган қизиқиши тобора ошмоқда. Шу сабабли барча вилоятларда аҳоли ва фермерлар учун интенсив боғларнинг афзаллиги, уларни озиқлантириш қоидалари хусусида тушунтиришлар бериш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказдик.
Институтнинг илмий-тажриба марказида ер ва сувдан унумли фойдаланиш, муқобил иссиқлик манбаларини қўллаш борасида қатор янгиликлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Сунъий туман ҳосил қилиш йўли билан ўсимликларни кўпайтирувчи иссиқхона шулар жумласидандир. Уч сотихдан иборат иссиқхонада 20 минг дона лимон кўчати парваришланмоқда. Шунингдек, яна тўрт гектар ерда хорижий ва маҳаллий мева навларининг олтмишдан зиёд тури кўпайтирилмоқда.
Хитой технологияси асосидаги тахминан икки метр чуқурликда, ердан шунча баландликдаги девор билан тўсилган иссиқхоналарда ҳарорат табиий равишда маромида сақланади. Унга қуёш нурининг суткада 13-14 соат вақт давомида тушиши таъминлангани боис қўшимча иситиш тизимига зарурат қолмайди. Мевалар одатдагидан бир-икки ой барвақт етилади. Ҳозир ушбу тизим асосида бешта иссиқхона ташкил этилган.
Интенсив боғлар кўпайиб, ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб бораётгани аҳолини йил давомида сархил мевалар билан таъминлаш имконини беради. Қолаверса, тадбиркорлар ва фермерлар мевани қайта ишлаб, улардан шарбатлар, мурабболар тайёрлаб, халқимиз дастурхонига етказиб бермоқда.