Интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини тизимли ислоҳ қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш, уларга ҳуқуқий муҳофаза бериш ҳамда ишончли ҳимоясини таъминлаш имконини берувчи замонавий интеллектуал мулк экотизимини шакллантириш йўналишида муҳим чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Аммо шунга қарамай, тадбиркорлик фаолияти учун қулай ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришда саноат мулки ва муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги айрим қоидаларни халқаро амалиёт ва шартнома эркинлиги тамойилларига мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг асар ошкор қилинганидан 10 йил муддат ўтгандан сўнг автоматик тарзда муаллифга ўтишига оид қоида бекор қилинмоқда. Бу орқали томонларнинг келишувига устувор аҳамият бериш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда инновацион маҳсулотлар яратиш жараёнида ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш назарда тутилмоқда.
[gallery-31781]
Шу билан бирга, патентларни ўз кучида сақлаш учун белгиланган божларни олдиндан 5 йиллик давр учун тўлаш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси интеллектуал мулк объектларини муҳофаза ва ҳимоя қилиш тартибларини такомиллаштиришга, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга, тадбиркорлар учун бозорга кириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини кенгайтиради.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА