Интеллектуал мулк ҳуқуқлари такомиллашади
Бугунги кунда мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ислоҳ қилиш, муаллифлар ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, соҳага оид қонунчилик базаси шакллантирилиб, давлат сиёсати самарали йўлга қўйилди. Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш натижасида Интеллектуал мулк агентлиги томонидан сўнгги йилларда интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш бўйича сезиларли ютуқларга эришилди. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда йилига 4 минг 500 атрофида интеллектуал мулк объекти, жумладан, 2 мингдан зиёд товар белгилари рўйхатдан ўтади. Шубҳасиз, бу маълум даражада натижадорликдан далолат беради. Бироқ иқтисодиётни жадал суръатларда ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш интеллектуал мулк соҳасини ҳам тубдан ислоҳ этишни тақозо қилмоқда.
Ўтган йилнинг 12 октябрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илм-фан ва инновацияни ривожлантиришда, хусусан, бу соҳадаги ютуқларни тижоратлаштиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳим эканлигини қайд этиб, соҳадаги бир қатор муаммоларни санаб ўтди. Хусусан, рўйхатдан ўтказиш ишларининг узоқ вақт давом этиши, интеллектуал мулк яратувчиларини рағбатлантириш, патент эгаларини мукофотлаш каби имтиёзлар тизимининг мавжуд эмаслиги каби долзарб муаммоларга эътибор қаратилди. Макзур муаммоларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан давлат органлари ва муассасалари, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари вакиллари, хусусан, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва илмий жамоасининг соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш юзасидан тегишли фикр ва мулоҳазалари ўрганилди.
Билдирилган асосли фикрлар ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, жорий йилнинг 28 январь куни Президентимиз томонидан «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланиб, мазкур соҳани янада жадаллаштириш бўйича бир неча муҳим қоидалар белгиланди. Мазкур қарорнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда тадбиркорлик субъектлари ва бўлажак ҳуқуқ эгаларига катта имкониятлар яратилди.
Биринчидан, қонунчиликка қатор енгилликлар ва рағбатлантирувчи қоидаларни киритиш белгиланди. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро андозалар асосида товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилиниши, интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилиши назарда тутилмоқда. Бундай янгиликларнинг жорий этилиши ортиқча бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга, интеллектуал мулк муҳофазасининг мақбуллаштирилишига кенг имконият яратади.
Бундан ташқари, қарор билан энг яхши интеллектуал мулк объектлари яратувчиларини Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг махсус мукофотларига тақдим этиш бўйича тавсиялар киритиш, ҳар йили “Энг яхши интеллектуал мулк объекти” танловини ташкиллаштириш ҳамда танлов ғолибларига пул мукофотлари топшириш, шунингдек, тегишли ташкилотларнинг 100 та “маҳаллий бренд”ларни халқаро рўйхатга олиш, ҳар бир ҳудудда йилига камида тўрт марта франшизалар ярмаркаси ва кўргазмаларини ташкил этиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бундай рағбатлантириш орқали, пировард натижада миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозорларида танилишига, экспорт салоҳиятининг оширилишига эришиш мумкин.
Иккинчидан, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш назарда тутилмоқда. Жорий йилнинг 1 октябрга қадар Агентлик ҳузуридаги “Патент платформаси” ишга туширилиб, платформа электрон шаклда реал вақт режимида юритилади ҳамда унга тадбиркорлар ихтиёрий ва бепул асосда киритилади. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг бузилиши ҳолатлари, ҳуқуқбузарлик авж олаётган ва ҳуқуқбузарлик даражаси пасаймаётган ҳудудлар ҳақидаги маълумотлар, ҳуқуқбузарликлар реестрини ўз ичига олувчи “IP-Protection” ахборот портали ташкил этилади. Бундай дастурий воситаларнинг яратилиши интеллектуал мулк яратишга бўлган манфаатдорлик ва қизиқишнинг ортишига сабаб бўлиб, ихтирочилар ва муаллифларнинг мавқеини оширишга, интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши тизимли равишда курашишга хизмат қилади ҳамда маҳсулот ва хизматларни тижоратлаштиришга кенг имконият яратади.
Учинчидан, қарорда илм-фан ва таълимнинг интеллектуал мулк муҳофазасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотларини интеллектуал мулк масаласида иқтисодиёт тармоқлари билан боғлашни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, интеллектуал мулк соҳасига оид фанларни кадрлар тайёрлаш тизимига, жумладан, республика таълим ташкилотлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларида босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида, хусусан, ишлаб чиқариш ва техник, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги таълим йўналишларида илғор хорижий тажриба асосида ҳамда ёш авлод орасида ижодкорларнинг меҳнатига бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қаратилган интеллектуал мулк фанлари жорий этилади ва улар бўйича ўтказиладиган машғулотларда соҳада фаолият олиб борувчи амалиётчилар иштирок этиши таъминланади.
Шунингдек, судьяларни интеллектуал мулк соҳасида ўқитиш дастури ишлаб чиқилиб, йил якунига қадар судьяларни ўқитиш тизимини йўлга қўйиш, бунда халқаро ташкилотлар кўмаги остида интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни кўриб чиқувчи судьялар учун чуқурлаштирилган ўқув дастури ташкил этилишига алоҳида урғу берилиши назарда тутилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур соҳада кадрларни тайёрлаш Тошкент давлат юридик университетида 2018 йилдан йўлга қуйилган бўлиб, бугунги кунда университетда алоҳида “Интеллектуал мулк ҳуқуқи” кафедраси фаолият юритмоқда. Мазкур кафедранинг асосий мақсади интеллектуал мулк соҳаси кадрларни тайёрлаш, тегишли илмий-тадқиқот ва ўқув-методик ишларни амалга ошириш ҳисобланади. Жумладан, университетда интеллектуал мулк соҳасида илмий кадрларни тайёрлашга эътибор қаратилиб, долзарб мавзулар доирасида илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, магистратура босқичида интеллектуал мулк соҳасида замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш тизимли равишда йўлга қўйилиб, 2019/2020 ўқув йилининг ўзида интеллектуал мулк мутахассислиги бўйича 17 нафар магистр тайёрланди.
Мухтасар айтганда, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги асосий омили бўлиб, иқтисодий барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшади ҳамда интеллектуал мулк ҳимоясини мустаҳкамлаш Учинчи Ренессансга ишончли пойдеворлардан бири бўлади.
Шоҳжаҳон Хўжаев,
Тошкент давлат юридик университети
интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедрасининг мудири,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)