Интеллект ва жамоавийлик уйғунлиги: “Заковат”даги беллашув
Бугунги кунда давлат идоралари фаолиятида нафақат касбий билим ва тажриба, балки ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, мантиқий фикрлаши ва жамоада ишлаш кўникмалари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аҳоли билан доимий мулоқотда бўладиган ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари учун тезкор қарор қабул қилиш, таҳлилий ёндашув ва кучли тафаккур маданияти зарур омиллардан саналади. Шу боис, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тизим ходимларининг маънавий-интеллектуал ривожига қаратилган ташаббуслар изчил қўллаб-қувватланмоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Тошкент шаҳрида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Ушбу беллашув нафақат билимлар синови, балки турли ҳудудларда фаолият юритаётган мутахассисларни бирлаштирувчи, жамоавий ҳамжиҳатлик ва корпоратив маданиятни мустаҳкамловчи муҳим майдонга айланди.
[gallery-29565]
“Заковат” арена интеллектуал клуби биносида бўлиб ўтган мусобақада Агентлик марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармаларидан шакллантирилган 39 та жамоа иштирок этди.
Иштирокчилар мантиқ, умумий билим, тезкор фикрлаш ҳамда жамоавий ҳамкорликни талаб этувчи саволлар орқали ўзаро баҳс олиб борди.
Мусобақа якунларига кўра, ғолиб ва совриндор жамоалар Агентлик томонидан муносиб тақдирланди. Мазкур интеллектуал лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида ходимларнинг профессионал ривожи, маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда соғлом жамоавий муҳитни шакллантиришга қаратилган ташаббусларнинг амалий давоми ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА