Институтнинг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Термиз давлат педагогика институтининг 1 минг 500 ўринга эга янги ўқув биносини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Маросимда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримовалар Президентимиз ғояси билан кейинги йилларда таълим тизимини ривожлантириб, ёш авлоднинг билим олиши, илм-фан сирларини чуқур эгаллаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб етиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида сўз юритди.
Қайд этилдики, бундан 7-8 йил аввал вилоятдаги атиги битта олий таълим муассасасида 6 мингга яқин талаба таҳсил олган бўлса, бугун воҳадаги 5 та давлат, 2 та хусусий олий таълим даргоҳида 60 мингдан ортиқ йигит-қиз ўзлари танлаган касб сирларини ўрганаётир. Вилоятда мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилоти, 800 дан зиёд умумтаълим ва касб-ҳунар мактаби, академик лицей фаолият юритмоқда.
Шунингдек, вилоятда педагогик кадрларни тайёрлашда Термиз давлат педагогика институти йирик илмий-таълим марказига айланмоқда. Жумладан, ўтган йил институтни тугатган 1 минг 81 нафар талаба воҳадаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларининг ўқитувчи ҳамда тарбиячиларга бўлган эҳтиёжини анча чекинтирди. Таълим даргоҳлари ёш, салоҳиятли педагог кадрлар билан бойиди.
Айни пайтда институтда 10 минг 870 дан ортиқ йигит-қиз 22 мутахассислик бўйича таълим олмоқда. Уларга барча замонавий шароитларга эга аудитория ва лабораторияларда 260 дан зиёд профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.
“Термиз тезкор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари барпо этган замонавий бино Янги Ўзбекистон массиви ҳудудида қад ростлади. Лойиҳа қиймати 52 миллиард сўмлик салобатли ўқув биноси ўзида замонавий архитектура лойиҳаларининг барча намуналарини мужассам этган. Талабаларнинг сифатли таълим олиб, касб сирларини мукаммал эгаллаши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун етарли замонавий шароит яратилган. Ўқув ва лаборатория хоналари, кутубхона, ошхона, ётоқхона, спорт машғулотлари хоналари қурилиб, жиҳозланган.
[gallery-28428]
Тадбир доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазири профессор-ўқитувчилар ва талабалар очиқ мулоқот ўтказди. Бўлажак педагогларни тайёрлаш, уларнинг билим ва малакасини доимий ошириб бориш, илғор тажрибаларни оммалаштириш каби масалалар юзасидан фикр алмашди. Таклиф ва тавсияларини билдирди.
Холмўмин Маматрайимов
ЖонибекҚўзимуродов (сурат), ЎзА