Институтнинг ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда (+видео)
Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида таълим ва тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигига бағишланган матбуот анжумани ва пресс-тур ўтказилди.
Тегишли мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, самарали илмий тадқиқотлар олиб бориш, фан ва таълим йўналишларида чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳар қандай олий таълим муассасасининг нуфуз ва аҳамиятини белгиловчи хусусиятдир. Бу борада Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти нафақат Бухоро вилояти, балки бутун республика миқёсида ҳам ўз ўрнига эга.
– Жами 21 та хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган, – дейди институт ректори Шавкат Имомов. – Икки нафар хорижий мутахассис таълим жараёнига жалб қилинган. Хусусан, 2010 йилда пойтахтдаги нуфузли институтлардан бирининг филиали сифатида ташкил топган, эндиликда институт мақомида бўлган ушбу илм-фан ва таълим даргоҳи Малайзиянинг INTI Халқаро университети, Венгриянинг Обуда, Сзегед, Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар, Туркиянинг Ушак ва Яқин Шарқ техника, Хитойнинг Шаанхи технология, Германиянинг Гумболд номидаги Берлин, АҚШнинг Ваёминг, Аёва университетлари, шунингдек, Франция, Россия, Исроил, Хорватия, Белоруснинг нуфузли ОТМлари билан кўп томонлама ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги кунда институтнинг мазкур хорижий олийгоҳлар билан аграр соҳани рақамли бошқариш ва ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожлантириш, яшил энергетика, механика, технологик жараёнларни автоматлаштириш, IТ, сунъий интеллект, смарт технологиялари сингари қатор илмий йўналишлардаги ҳамкорлиги ривожланмоқда.
Институтнинг ахборот ресурс маркази фонди 25 мингдан ортиқ адабиётдан иборат. Шулардан 10 000 га яқини дарслик ва ўқув қўлланмалари, 400 га яқини илмий адабиётлар, диссертациялар, илмий журналлардир. Шунингдек, АРМда 13000 дан ортиқ электрон адабиётлар мавжуд. Институтда дунёнинг етакчи университетлари фахрий профессори унвонини олган олимлар фаолият кўрсатади. Тадқиқотчиларнинг илмий ишланма ва тавсиялари асосида Америка Қўшма Штатлари ҳамда Кореяда заводлар ишламоқда.
Институт ҳудудида замонавий Технопарк фаолият олиб бормоқда. Бу ерда кўчат етиштириш учун биогумусдан тувакчалар тайёрлаш қурилмаси ёрдамида айни шундай маҳсулот тайёрланади. Таъкидлаш жоизки, бундай технологик воситанинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини аниқлаш бўйича ўтказилган ҳисоб-китоблар ушбу қурилма биогумусдан тувакчалар тайёрлаш мақсадида қўлланилганида меҳнат сарфи 60 фоизга, тўғридан-тўғри харажатлар эса тахминан 40 фоизга камайишини кўрсатди. Бунинг бир йиллик иқтисодий самарадорлиги 132,7 миллион сўмни ташкил этади.
[gallery-20942]
Бундан ташқари, Когон туманида жойлашган илмий ўқув маркази ҳамда Ромитандаги ўқув танишув майдонида талаба ёшлар, магистрлар, докторант ва мустақил тадқиқотчилар тажриба синовларини ўтказмоқда.
Йирик ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра филиаллари ташкил этилган бўлиб, уларда ихтисослик фанлардан амалий ҳамда лаборатория машғулотлари олиб борилади. Шунингдек, тегишли таълим йўналишларини тамомлаган талабаларга экскаватор, булдозер, трактор сингари транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади. Қолаверса, бу даргоҳда сув хўжалигига оид гидротехника иншоотларининг очиқ осмон остидаги кичик моделларини кўриш мумкин.
Институтнинг IТ марказида талабалар малакали мутахассислар кўмагида дастурлаш, веб-дастурлаш, продизайн, архитектура, дизайн ва чизмачилик каби кўплаб йўналишларда таҳсил олади. Бу ерда нафақат юртдошларимиз, балки Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби қўшни давлатлардан келган ёшлар ҳам таҳсил олиши учун имкониятлар мавжуд.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-AAd2P4l43M" title="Institutning hamkorlik koʻlami kengaymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўз навбатида, институтга қарашли ҳудудда талабалар учун 1000 ўринли, 5 қаватли замонавий ётоқхона, 250 ўринли, 42х30 ҳажмдаги замонавий спорт зал ҳам мавжуд. Спорт ва соғломлаштириш мажмуасида ёшларнинг спорт ҳамда бошқа қизиқарли машғулотлар билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратилган.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари.