Институтга замонавий ускуналар топширилди
Шу кунларда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимни ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шундай ишларнинг амалиёти сифатида балиқ етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига замонавий анжом ва асбоб-ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси масъуллари ва институт мутахассислари қатнашди.

Сўзга чиққанлар балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш, балиқ маҳсулотларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Айниқса, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш борасидаги ишларни оммалаштириш аҳолининг мазкур маҳсулотга бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

Тақдим этилган асбоб-ускуналар балиқчилик хўжаликларидаги сувнинг сифати ва энергия самарадорлигини ошириш орқали балиқларнинг яшашига шароит яратади.

Айни кунларда мазкур илмий муассаса олимлари томонидан кўплаб лойиҳалар амалга оширмоқда. Турли илмий тадқиқотлар бўйича ихтисослашган олий ўқув юртлари ва халқаро институтлар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Олимлар томонидан яратилаётган ишланмалар Қуйи Чирчиқ туманидаги хўжаликларда жорий қилиб борилмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири