Институтда ректор стипендияси таъсис этилди
Тошкент давлат стоматология институтида “Ректор ва ёшлар“ учрашуви ўтказилди.
Тошкент давлат стоматология институтида “Ректор ва ёшлар“ учрашуви ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда белгилаб берилган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароитлар, улар истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилувчи лойиҳалар бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш бўйича улкан мақсадлар белгиланганлиги, жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун шароит яратиш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.
Тадбирга Учқун Тиллаев, Тўти Юсупова, Хосият Ҳусанова, Даврон Каримов каби таниқли санъат ва маданият арбоблари таклиф этилгани унга ўзгача шукуҳ бахш этди.
Тадбирда Тошкент давлат стоматология институтида талабаларни қўшимча рағбатлантириш, уларни фаол яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, муносиб тақдирлаш мақсадида ректор стипендияси жорий қилингани ҳақида маълум қилинди.
Шунингдек, ўз устида ишлайдиган, ташаббускор педагоглар учун ҳам институтда рағбатлантириш жорий этилди. Илмий изланувчи педагогларнинг “Скопус“ тизимидаги халқаро журналларда чоп қилинган ҳар бир мақоласи учун 3 млн. сўм қалам ҳақи бериладиган бўлди.