Институт талабаси фирибгарлик қилди
Бугунги кунда юртимиз ёшлари учун таълим олиш, таълим турини танлаш, исталган олий ўқув юртида ўқиб, муайян касбни эгаллаш борасида қатор имтиёз ва қулайликлар яратиляпти. Квоталар миқдори йил сайин ошириляпти. Ҳатто хорижий олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабаларнинг турли сабабларга кўра ўқишини мамлакатимиздаги олийгоҳларга кўчириши бўйича енгилликлар бериляпти. Бу албатта, яхши.
Лекин баъзи юртдошларимизнинг соддалиги, қарор ва қонунлар мазмунини тушунмаслигидан фойдаланиб, фирибгарлик йўлини танлаганлар-у уларга чув тушаётганлар ҳам учраб турибди. Яқинда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўрилган жиноят ҳам фикримизга далил бўла олади.
Судланувчи – Фарғона политехника институти битирувчи курс талабаси Ж.А. Фарғона шаҳридаги консалтинг хизмати кўрсатувчи муассасада бир неча ой менежер бўлиб ишлайди. Муассасанинг асосий фаолият йўналиши ёшларни чет элга ўқишга юбориш эди. Оз муддат орасида иш жараёни, талабаларни қай йўсинда хорижга юбориш, уларнинг ўқишини кўчириш тартибларини яхши ўзлаштирган Ж.А. гарчи ишдан бўшаса-да, бир неча соддадил фуқароларга гўё “расмий тарзда ҳуқуқий ёрдам беришини” айтиб, уларнинг ишончини қозонади.
Жумладан, хорижда таҳсил олаётган Ш.Маматёқубов, Ш.Номонжонов, У.Арапов, М.Қодирова, Ф.Тожибоевларга ўзини консалтинг хизмати кўрсатиш муассасаси ходими сифатида таништириб, уларнинг ўқишини Ўзбекистонга, хусусан, Фарғона водийсидаги исталган олийгоҳга кўчириб беришини айтади. Бу бўйича бир нечта ҳужжатларни тайёрлаган ҳам бўлади. Хуллас, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида уларнинг қай биридан 400, яна бошқасидан 500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини қўлга киритади. Қоп-қоп ваъдаларни бериб, шаҳарнинг турли жойларида, кўча-кўйда, савдо дўконларида бу пулларни олиб, ўз шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборади.
Халқимиз тилидаги “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган нақл топиб айтилган. Фирибгарнинг фириблари куни келиб фош бўлди. 2022 йилнинг 18 январь куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Ж.А. Фарғона шаҳар, Ойбек кўчасида жойлашган туғруқхона олдида Ф.Тожибоевдан кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олган вақтда ушланди ва ушбу пуллар ашёвий далил тариқасида олинди.
Суд барча тафсилотларни ўрганиб чиқиб, Ж.А.га нисбатан тегишли жазо тайинлади. Мухтасар айтганда, бир фирибгарликнинг пайи қирқилди. Лекин шу каби устомонларнинг тўрига илиниши мумкин бўлган яна қанча ишонувчан, содда юртдошларимиз бор экан?! Гап шунда.
Маҳкамжон АБДУБАННОПОВ,
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси.
ЎзА