Институт ўз стратегиясини эълон қилди
Навоий давлат педагогика институтида 2023-2024 ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва янги ўқув йилида белгиланган стратегик вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бугунги кунда институтда 18790 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 305 нафари магистр ҳисобланади.
5 тилда таълим ва тарбия бериб келинаётган олийгоҳда 11 та факультет таркибида 26 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Бакалавриат таълим йўналишлари сони 34 тага, магистратура мутахассисликлари сони эса 18 тага етди.
[gallery-19155]
– Жорий ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишининг кундузги таълим шаклида махсус педагогика: логопедия, астрономия, амалий математика ва спорт фаолияти: дзюдо, футбол, баскетбол, волейбол ва қўл тўпи йўналишлари очилди, – деди институт ректори Муҳиддин Калонов. – Жорий ўқув йили олдидан институт маблағлари ҳисобидан тарих, инглиз тили ва адабиёти, рус ва қозоқ филологияси, жисмоний маданият факультетлари бинолари, шунингдек, 3 та талабалар турар жойлари жорий таъмирланди. Институт бош биносида талабаларни ётоқхона ҳамда ижара хонадонлари билан таъминлаш маркази ишга туширилди. Ҳар бир талабалар турар жойларида ушбу марказларнинг филиаллари ташкил қилиниб, улар учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Ўқув йилини намунали бошлаш ва замонавий шароитларни яратиш мақсадида Бош бино ҳудудида замонавий “Регистратор офис” биноси қурилиши давом этмоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, институт бир қатор халқаро рейтингда эътироф этилди. Жумладан, 2024 йилнинг июнь ойида Буюк Британиянинг Times Higher Education (Impact Rankings) THE рейтинг агентлиги – дунё университетларининг БМТ – “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га (SDGs) мувофиқлигини баҳоловчи глобал рейтингда 17 та йўналиш бўйича Навоий давлат педагогика институти илк бор ТОП – 1000 талик олий ўқув юртлари қаторида қайд этилди. Шунингдек, сифатли таълим бўйича 401-600 ўринда, “University Impact Ranking-2024” натижаларида гендер тенглиги бўйича 401-600 ўринда, қайта тикланувчи энергия бўйича 601-800 ўринда, саноат инновацияси ва инфратузилмаси бўйича 601-800 ўринда, экотизимларини асраш бўйича 801+ ўринларини эгаллади.
Институтда Халқаро рейтинги баланд бўлган хорижий олий таълим муассасалари билан ҳам профессор-ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилди. 2024 йилнинг шу даврида институт ўқитувчиларининг 44 нафари хорижий олий таълим муассасаларида стажировка ўтаб қайтди. Шунингдек, 18 нафар хорижлик мутахассис институтда бўлиб, маҳорат дарсларини ўтиб берди.
Ҳозирги кунга қадар Навоий давлат педагогика институти АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 30 дан ортиқ рейтинги баланд олий ўқув юртлари билан шартнома, меморандумлар имзолаган ва таълим соҳасида ҳамкорлик қилмоқда.
2021-2024 йилларда институтнинг “Психология” ҳамда “Ўзга тилли мактабларда рус тили” таълим йўналишлари бўйича Беларусь Республикасининг Полоцк давлат университети билан “2+2” дастури асосида қўшма таълим дастурини якунлади ва илк бор 13 нафар талаба Навоий давлат педагогика институти ҳамда Полоцк давлат университети талабаси сифатида “қўш диплом”ли бўлди.
Матбуот анжуманида институтнинг 2024/2025 ўқув йили учун белгиланган стратегияси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Институтда таълим сифати босқичма-босқич оширилиб, ўқув, талабаларга хизмат кўрсатиш тизимлари тўлиқ рақамлаштирилади ва HEMIS тизими бошқарувига ўтказилади. Натижада таълим жараёнларига инсон омилининг аралашувига йўл қўймайди. Таълим жараёнлари халқаро стандартларга мослаштириб, “кредит-модул” тизимига тўлиқ ўтказилади.
Жаҳоннинг ривожланган ТОП-300 талик рўйхатида турадиган олий таълим муассасаларининг ўқув фан ва режалари, дастурлари ўзлаштирилади, таълимнинг янгича технологиялари татбиқ этилади.
Ахборот ресурс маркази тубдан ислоҳ қилинади ва рақамлаштирилади. Бу ерга янги авлод ўқув адабиётлари, жаҳон миқёсида ўқитиладиган фанлардан адабиётлар харид қилинади. АРМнинг моддий-техник базаси такомиллаштирилади. Жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари кутубхоналари билан интеграция қилинади. Электрон Е-кутубхона тизими жорий қилинади.
Илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш, лабораториялар, Илмий ақл марказлари бунёд этилиб, институтда педагогика, ўзбек тили ва адабиёти, математика, физика мутахассисликларидан илмий даражалар берувчи Илмий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилади.
Навоий давлат педагогика институти кампусини барпо этиш ишлари бошланиб, ўқув сифатини янада яхшилаш, самарадорлигини ошириш, маънавий-маърифий тадбирларни намунали ташкил қилиш борасида моддий-техник таъминот мустаҳкамланади.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари