Институт мақомининг оширилиши ваколат эмас, масъулиятдир
Чорвачилик Ўзбекистоннинг нафақат қишлоқ хўжалик соҳасида, балки бутун иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Жаҳон миқёсида юз бераётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий инқирозлар жараёнида иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, одамларнинг қўшимча даромад олиш имкониятлари чекланган мураккаб шароитда ушбу соҳа мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги даражасини барқарор сақлаб туришда муҳим ўрин тутмоқда.
Бугун пандемия муносабати билан бозор иқтисодиёти механизмлари янада фаоллашиб, озиқ-овқатга бўлган талаб кундан кун ортиб бораётган пайтда эса мазкур соҳа самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш энг муҳим вазифа саналади.
Расмий статистик маълумотларга кўра, айни пайтда аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлаш учун алоҳида механизм шакллантирилмоқда, худудлар салоҳияти ўрганилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, чорвачилик ривожи учун бизда барча имкониятлар етарли, аммо ана шу имкониятлардан самарали фойдалана олмаётганимиз энг асосий камчиликларимиздан биридир.
Албатта, бизда ҳам чорвачиликнинг илмий базасини яратиш ва ҳудудларнинг табиий-иқтисодий шароити, озуқа базасига қараб минтақалар бўйича ривожлантиришда маълум кўникма ва тажрибалар мавжуд. Аммо бу бугунги глобализация жараёнлари учун камлик қилмоқда.
Чорвачилик соҳасининг ривожи аввало, мутахассис – кадрларга боғлиқ. Самарқанд ветеринария медицинаси институти бу борада минтақадаги ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугун мазкур даргоҳ тайёрлаётган мутахассислар рақобатбардошлиги бўйича Марказий Осиёдагина эмас, балки ҳамдўстлик мамлакатлари мутахассислари билан беллаша оладиган даражага етди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Президент админстрацияси, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, молия, олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан институт ва унинг илмий салоҳияти, йўналишлари, тайёрланаётган мутахассислар, моддий-техник база чуқур ўрганиб чиқилди. Муассаса раҳбари сифатида шуни айтишим керакки, шахсан Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу ўрганиш ишлари таълим муассасаси учун жуда фойдали бўлди. Амалга ошираётган ишларимиз ва имкониятларимиз синчиклаб ўрганилди, таҳлил қилинди. Ютуқ ва камчиликларимиз ҳақида билиб олдик, келгусидаги ҳаракатларимиз қандай бўлиши кераклиги ойдинлашди.
Чорвачилик ривожи яна қайси омилларга боғлиқ – биринчидан, мутахассис кадрлар бўлса, иккинчидан, озуқа базасини шакллантиришга. Бизда озуқа экинларини етиштиришда муаммо бор. Бу мамлакатда чорвачилик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг энг жиддийларидан бири. Шунинг учун озуқа-ем таъминотини узлуксиз йўлга қўйиш, наслчиликка алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, чорвачилик билан шуғулланадиган тадбиркорларни ўқитиш, уларга ўз йўналиши бўйича етарли маълумотлар бериш ҳам бугунги кун талаби. Масалан, тадбиркор паррандачилик билан шуғулланади. У ўз йўналиши бўйича барча маълумотларга эга бўлиши ёки унинг хўжалигида ана шу билимларни мукаммал эгаллаган мутахассис бўлиши керак. Шундагина унинг ишлари янада юришиб кетади, бизнеси ривожланади.
Ёки дейлик, хориждан наслли қорамоллар келтирилади. Уларни табиий иқлим шароитига мослаштира олмаслик, етарлича парваришламаслик ёки озуқаси борасидаги билимсизлигимиз оқибатида кўзланган натижага эришолмаймиз.
Бу жараёнларда бизнинг ўрнимиз қандай бўлиши керак, вазифамиз нималардан иборат, соҳа ривожи учун юртимизга қайси жиҳатларга эътибор қаратиш керак?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча қабул қилинган “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ана шу саволларга жавоб бор
Қарорга асосан Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилди.
Ветеринария ва чорвачилик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, таълим маскани фаолияти кўламини кенгайтириш, халқаро нуфузини ошириш, илмий-тадқиқотларни тизимли олиб бориш, инновацион таълим ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш, таълим ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш университетнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.
Бу тарихий қарор соҳа мутахассислари, масъул мутасаддилар зиммасига шунчаки ваколат эмас, балки катта масъулият юклайди. Минтақадаги таянч олий таълим муассасаси олдидаги вазифалар янада кенгаяди, деб айтиш мумкин.
Жорий йилда биринчи қалдирғочлар таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларини битирадилар ва уларга университет дипломи берилади. Айримлар магистратурада таълимни давом эттиришади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасадди раҳбарлари, шахсан қўмита раиси Б.Норқобилов бир неча маротаба талаба – ёшларнинг битирув имтиҳонларида, дарс жараёнлари ва малака амалиётларида иштирок этган. Талабаларнинг билими умумий тарзда ижобий баҳоланган. Қўмита вакиллари томонидан аълочи талабалар ҳамиша рағбатлантирилиб, пул мукофотлари билан тақдирланган. Бу билан билим ҳамиша юқори баҳоланишини эътироф этмоқчимиз.
Дунёда ветеринария соҳаси аслида жуда юксак баҳоланиб, озиқ-овқат ҳавфсизлигига масъул бўлган мутахассислар сифатида юқори маош олишади. Таълим муассасаси тайёрлаётган ёш мутахассис кадрлар ҳам бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги компанияларда, хўжаликларда фаолият кўрсатмоқда.
Мисол учун, Ғанижон Бегбоев институтнинг ана шундай мутахассисларидан бири. Ҳозирги кунда у Бухоро вилояти Қоравулбозор туманидаги "Бухоро агрокластер чорва" МЧЖда бош ветеринария врачи лавозимида ишлаб 1,5 минг АҚШ доллори миқдорида ойлик маоши олади. Ғанижон каби ёшлар Сирдарёда ва бошқа вилоятларимизда ҳам бор. Демак, хориждан катта пул эвазига мутахассис ёллашга ҳожат йўқ. Мутахассисларни ўзимизда тайёрлаймиз ва улар рақобатбардош кадрлардир.
Университет зиммасига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вазифаси юклатилди.
Ветеринария мутахассислари Халқаро Эпизоотик Бюро стандартлари бўйича 5 йилдан кам бўлмаган муддатда тайёрланиши зарур. Биз айни кунда АҚШнинг Миннесота университети билан ўқув дастурлари ва режаларимизни мувафиқлаштиряпмиз. Хориж билан ҳамкорлик алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган. Яқинда бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларимиз билан Америкада бўлиб, у ердаги таълим жараёнлари билан яқиндан танишдик. Жорий – 2022 ўқув йилидан бошлаб бизда ҳам 5 йиллик таълим тизими жорий этилади.
Шунингдек, таянч олий таълим муассасаси бўлгач, ҳудудларда ташкил этиладиган таълим муассасаларига ҳам моддий техник базани шакллантиш, профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, шунингдек ўқув дастурлари бўйича ҳам кўмак беришимиз зарурлиги белгиланган. Қарши мухандислик-иқтисодиёт институтида озиқ-овқат ҳавфсизлиги йўналиши бўйича факультет ташкил қилишга кўмаклашяпмиз.
Институти қошида шу пайтгача 23 та кафедра фаолият кўрсатиб келди. Кафедралар ўз йўналишлари бўйича мамлакатимизнинг вилоятлари, ҳудудларига бириктирилган. Улар йил давомида ўзлари бириктирилган ҳудудларда семинар-тренинглар ўтказиб келмоқда. Жумладан, балиқчилик, паррандачилик, қорамолчилик, асаларичилик, йилқичилик ва бошқа соҳаларида ташкил этиладиган бу семинарлар хўжаликлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун жуда фойдали бўлмоқда. Қаерда муаммо бўлса, олимлар ўша муаммони ўрганишади, ечим топишади, касаллик тарқалишидан олдин профилактика ишлари олиб борилади.
Маҳаллабай ишлаш тизими ҳам деярли шундай. Мутахассисларимиз аҳоли хонадонларида пуллик ҳизматларни кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу ислоҳотлар чорвачилик соҳаси ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларимизни тизимли ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Илм-фан барча ишларимизда кўмакчидир. Илмий асосланган хулосалар билан турмушимиз янада фаровон, халқимиз дастурхони эса тўкин бўлади. Чорвачилик ана шундай баракали ва сердаромад соҳа.
Худайназар ЮНУСОВ
СамВМИ ректори,
биология фанлари доктори, профессор,
ЎзА