Инсониятнинг бугуни ва эртасига дахлдор муаммо
Бугунги кунда бутун дунё мамлакатлари олдида муҳим глобал масала — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кўндаланг бўлиб турибди. Ер юзидаги экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, шунингдек, геосиёсий вазият озиқ-овқат хавфсизлиги масаласининг долзарблигини оширмоқда.
Озиқ-овқат ресурслари инсониятнинг яшаши, ҳаёти, келажаги учун муҳимдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб чорак миллиард одам очликдан азият чекмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, бугунги кунда 2 миллиарддан ортиқ одам хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат билан таъминланмаган. Буларнинг барчаси инсоният яшашида зарур бўлган озиқ-овқат тизимлари ва воситалари барқарорлиги ҳамда мослашувчанлик салоҳиятини мустаҳкамлашни тақозо қилади.
16 октябрь — Халқаро озиқ-овқат куни
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан 1979 йилда ўтказилган конференцияда 16 октябрни “Халқаро озиқ-овқат куни” сифатида нишонлаш таклифи илгари сурилган. 1980 йил 5 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 35-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, ҳар йилнинг 16 октябрь куни “Халқаро озиқ-овқат куни” деб эълон қилинди. Бош Ассамблея мазкур ҳужжатда ҳукуматлар, миллий, минтақавий ва халқаро ташкилотларни ушбу кунни кенг миқёсда юқори даражада нишонлашга чақиради.

Дунёнинг турли мамлакатларида Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан озиқ-овқат ярмаркалари, кўргазмалар, турли танловлар, фестиваллар, илмий конференциялар ўтказилади. Бундан кўзланган мақсад — очлик ва тўйиб овқатланмаслик каби глобал муаммоларни ҳал қилиш бўйича фикр юритиш ҳамда кенг жамоатчиликнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати тўғрисида хабардорлигини ошириш, мазкур масалага давлатлар эътиборини қаратишдан иборат.
Қишлоқ хўжалиги — озиқ-овқат таъминотида ҳал қилувчи тармоқ
Дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, инсониятнинг барча озиқ-овқат маҳсулотлари она заминда етиштириладиган табиат маҳсулларидир. Шундай экан, аграр соҳа ривожи инсониятни озиқ-овқат билан таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Бу борада сўнгги ўн йилларда “яшил инқилоб” ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Йилдан-йилга кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Аммо инсоният бошига тушган оғир синов — коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида узилишларни юзага келтирди. Бу табиийки, нархларга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатди.
Юртимизда иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда тармоқнинг жадал ривожланишига зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Қишлоқ хўжалигини янада самарали ва ресурс тежайдиган соҳага айлантириш, халқимизни арзон ва барқарор нархларда хавфсиз ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётир. Дастурхонларимиз тўкинлиги, ҳаётимиз фаровонлиги, тўқчилигимиз қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ экан, бу соҳанинг барча йўналишларида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Қатор ҳуқуқий ҳужжатлар асосида соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар кўрилаётганини эътироф этиш жоиз. Биргина 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022-2025 йилларда захирага қайтариш ва мазкур ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 10 йилга ижарага бериш назарда тутилгани эътиборга молик. Зотан, ушбу чора-тадбирлар асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда минг-минглаб гектар майдонларга ғалла, сабзавот, полиз, картошка, мойли ва озуқабоп экинлар экилмоқда. Биргина мева-сабзавот етиштириладиган майдонлар ҳажми йилдан-йилга кенгайтирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш мумкин экан. Шу боис ҳам бу йўналишда тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан “Ўзбeкистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишнинг 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси” ишлаб чиқилган. Вазирлик матбуот хизматига кўра, ушбу ҳужжат ҳозирда қабул қилиш жараёнида.
Мазкур стратегиядан мақсад озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаб чиқариш жараёнларида йўқотишлар, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик бўйича мавжуд муаммоларга ечим топиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар захирасини яратиш, маҳсулотнинг хавфсизлик кўрсаткич меъёрларига риоя этиш, озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш, ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимларини кучайтириш ва соғлом овқатланишни тарғиб қилишдан иборат.
Ўсимлик мойига талаб 560 минг тоннани ташкил этади
Ўсимлик мойлари муҳим озиқ-овқат маҳсулоти, кундалик эҳтиёжларимиздан бири ҳисобланади. Агар хонадонимизда ўсимлик мойи тугаган бўлса, нима овқат пиширишни билмай бошимиз қотади. Чунки усиз овқат тайёрлашнинг имкони йўқ. Шу боис ҳам республика аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган талабини ички ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда халқимизнинг пахта мойи истеъмоли камайиб, кунгабоқар, соя, кунжут, махсар ва зиғир каби ўсимликлар мойи истеъмолига талаб кескин ортди. Чунки уларнинг фойдали хусусиятлари кўпроқдир. Таҳлилларга кўра, республикада ўсимлик мойига бўлган талаб 560 минг тоннани ташкил этиб, шундан 470 минг тоннаси аҳоли истеъмолига ҳамда 90 минг тоннаси чорвачилик ва паррандачиликка тўғри келади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг берган маълумотларида қайд этилишича, жорий йил ҳосили учун 224 минг гектар ёки ўтган йилдан 52 минг гектар кўп мойли экинлар экилган — 103 минг гектар соя, 53 минг гектар кунгабоқар, 33 минг гектар кунжут, 22 минг гектар махсар, 13 минг гектар зиғир кабилар шулар жумласидандир. Жами 435 минг тонна мой ишлаб чиқарилар экан. Шундан 350 минг тонна пахта, 32 минг тонна соя, 35 минг тонна кунгабоқар, 9 минг тонна кунжут, 6 минг тонна махсар, 3 минг тонна зиғир мойи. Бу эса аҳоли йиллик истеъмол талабининг 92 физини таъминлайди. Аҳоли истеъмоли учун етишмайдиган 35 минг тонна ва чорвачилик тармоқлари учун 90 минг тонна, жами 125 минг тонна ўсимлик мойи чет давлатлардан импорт қилинади.
Юртимиз аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимизда етиштириш ва импорт ҳажмини камайтириш масаласига доимий эътибор қаратиб келинади. Бу борада сўнгги йилларда мойли экинлар майдони ҳам 2,2 баробарга кенгайтирилди ва ҳосилдорлик 5-6 центнерга ошди. Бунинг натижасида ўсимлик мойи импорти 2020 йилга нисбатан 75 минг тоннага камайиши ҳисобига 73 миллион доллар иқтисод қилинди. Республикамизда мойли экинлар майдонларини камида 100-150 минг гектарга кенгайтириб, аҳолининг ўсимлик мойига бўлган талабини тўлақонли қондириш имконияти мавжудлиги соҳадаги ишларни янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Таъкидлаш жоизки, бу борада ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Соҳа олимлари томонидан олиб борилган синовлар натижасида кунгабоқарнинг тезпишар, мойлилик даражаси 45-50 фоизга юқори бўлган 69 та нав ва дурагайларини республика ҳудудларида экиш йўлга қўйилди. Умуман, мойли экинлар экиш, етиштириш ва қайта ишлаш борасидаги амалий ишлар юртимиз аҳолисини ўсимлик мойи билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.
Экспорт — етарли захирадан кейинги даромад
Серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нафақат юртимиз аҳолиси дастурхонини тўлдиради, балки хорижий давлатларнинг талабидан келиб чиқиб, экспортга ҳам йўналтирилади. Бу эса иқтисодиётимиз мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.
Аграр тармоқдаги самарадорлик мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ҳам йилдан-йилга оширмоқда. Бу борада Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон 1,1 миллион тонна мева-сабзавотлар экспортини амалга оширган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга ёки 153,8 минг тоннага кўпайган.

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия, Покистон, Қозоғистон ҳамда Қирғиз Республикаси ҳиссасига тўғри келган. Жумладан, жорий ярим йил давомида хорижга қиймати 672,9 миллион долларлик мева-сабзавотлар экспорт қилинган.
Озиқ-овқат хавфсизлиги кенг платформада муҳокама қилинди
Маълумки, шу йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлигига бағишлаб халқаро конференция ўтказилди. Мазкур анжуманда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар иштирок этди.
Нуфузли вакиллар иштирокидаги мазкур тадбирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласининг барча соҳалари қизғин муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларини ишлаб чиқиш, тўғридан-тўғри ўзаро етказиб беришнинг келишилган схемаларини шакллантириш, сув ва ер ресурслари, рақамлаштириш ва инновациялар, денгизга чиқа олмайдиган мамлакатларга сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “Яшил” ва экспресс йўлакларни ташкил этиш масалалари муҳокамалар марказида бўлди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги инновацион ва яхши натижа берган лойиҳалар тақдимот қилинди.
Бу каби халқаро анжуманлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда дунё ҳамжамияти биргаликда бошқотириши, мавжуд муаммоларга ҳамкорликда ечим излаши ва келгусидаги марраларни белгилаб олиши учун самарадор платформа бўлиб хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи йилдан-йилга устуворлик касб этаётган айни дамда ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва янада жадаллаштириш муҳимдир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА