Инсоният узоқроқ яшаяпти, аммо...
Сўнгги юз йил ичида дунё аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги сезиларли даражада ошиб, 73,8 ёшга етди. Инфекцион касалликлар, оналар ва болалар ўлими қисқариши, шунингдек, тиббиёт тараққиёти бу натижага асосий омил бўлди.
Тадқиқотчилар 204 мамлакат ва ҳудуддаги маълумотларни таҳлил қилиб, 2023 йилда одамлар ҳаётининг ўртача 14,5 фоизи саломатлик билан боғлиқ муаммолар таъсирида кечганини аниқлади. Айниқса, умр давомийлиги юқори бўлган давлатларда инсонлар касаллик ёки ногиронлик билан яшайдиган муддат ҳам узайган. Бу ҳолат тиббиёт одамларнинг ҳаётини узайтирганини, аммо соғлом қариш суръати шунга мос равишда ўсмаётганини кўрсатмоқда.
Муаллифлар соғлиқ билан боғлиқ энг катта йўқотишларга бел оғриғи каби таянч-ҳаракат тизими хасталиклари, руҳий бузилишлар, ёшга оид эшитиш пасайиши, турли жароҳатлар ҳамда юқори тана вазни сабаб бўлаётганини қайд этди. Кам даромадли мамлакатларда эса озиқланиш етишмовчилиги, сил, нафас йўллари инфекциялари ва тропик касалликлар асосий хавф омиллари қаторига кирган. Юқори даромадли давлатларда гиёҳвандлик ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳам жиддий таъсир кўрсатувчи омил сифатида баҳоланган.
Тадқиқот муаллифлари эндиликда асосий мақсад инсон умрини янада узайтириш эмас, балки унинг ҳар бир йилини соғлом тарзда ўтказиш кераклигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, профилактика, узоқ муддатли даволаш, реабилитация, руҳий саломатлик хизматлари ҳамда қарияларни қўллаб-қувватлаш тизимларига сармояни кўпайтириш нафақат аҳоли фаровонлигини оширади, балки иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам катта фойда келтиради.
Мусулмон Зиё, ЎзА