Инсонга инсонлик қадри муборак
Бугунги кунга қадар дунё бир қанча юксалиш ва эврилишларни бошдан кечирди. Қачонки, маърифатсизлик авж олган маҳал даҳолар катта саҳнага чиққан. Улар эса маънавияти юксак кишилар саналган. Хусусан, миллатимиз ҳам ўзига яраша тарихнинг оқ ва қора кунларини бошидан кечиришга тўғри келган.
Халқимизда "Бўламан деган эл бир-бирини ботирим дейди, бўлмайман деган эл бир-бирининг этини ейди” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, ватанимизнинг энг шонли даврлари айнан бирлик ва аҳиллик билан баҳоланади. Ўрта асрларда Шарқ уйғониши бутун инсоният учун бир поғона юқорига кўтарилиш бўлгани сир эмас.
Хусусан, давлатчилик, илм-маърифат борасида мисли кўрилмаган ўсиш ва янгича қарашлар пайдо бўлган. Бунинг ягона сири эса инсон қадри юксак баҳолангани, шоҳ ва олимлар ўртасида соғлом ва самимий муносабатлар ўрнатилгани билан ҳам боғлиқ.
Тарихни яхши англамай туриб, буюк келажак барпо этиб бўлмайди деганларидек, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айни инсон қадри ва бирликка қаратилмоқда. Улкан ғоя ва ташаббуслар шахсан давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётгани фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Хусусан, Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган ёшлар билан мулоқот ҳам Учинчи Ренессанс биносининг бир неча баробар бўй чўзишига замин яратди десак, асло адашмаган бўламиз. 22 миллион ёшлардан иборат бўлган мамлакатнинг қудратига шубҳа қилганлар жаҳонда ўзбек фарзандларининг натижалари ва уларнинг ортида турган имкониятларга қарашлари лозим бўлади. Юксак марраларни кўзлаб кўкка парвоз қилаётган ўзбек бургутларига елкасини тутиб берувчи раҳнамосининг борлиги албатта Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби улуғ аждодларимизга муносиб авлод шаклланишига ишонч бағишлайди.
Мулоқот давомида илгари сурилган ташаббуслар моҳиятига бир қур назар солинса, айнан буюк аждодларимиз, жадидларимиз орзу қилган ислоҳотлар эканига иқрор бўламиз.
Мамлакатнинг тараққиёти унинг заиф қатламларини мустаҳкамлашдан бошланади. Шу маънода аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли ислоҳотлар кишини тўлқинлантирмай, фахрлантирмай қолмайди.
Хусусан, Президент ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Фикрингни бер (Voice Up)” лойиҳаси доираси кенгайиб, ушбу лойиҳа ҳар бир ҳудудда ўтказилади.
Қолаверса, 1 минг нафар ёшлар қамраб олиниб, энг яхши лойиҳаларни таклиф қилган ёшлар иштирокида Самарқанд шаҳрида Халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳи ташкил этилади. “Ўсиш ва ривожланиш (Upshift)” стартап лойиҳаси кенгайтирилиб, бу йил медиа, дизайн, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва инновация йўналишларида ҳам танлов ўтказилади.
Ташаббуснинг олқишга сазовор жиҳати шундаки, ёшларнинг энг яхши 40 та стартап лойиҳасини молиялаштириш учун 2 миллиард сўм ажратилади. Бу эса юртимизда инклюзия, имкониятлар тенглигини таъминлашга нақадар аҳамият берилаётганидан далолат.
Ўзбек миллати азал-азалдан обод хонадонларда яхши кунларини нишонлашга одатланган. Оила аталмиш муқаддас қўрғон остонасидан қадам қўйган ёшлар учун ҳам шинам ва обод хонадонлар айни муддао. Давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган инсон қадрини улуғлаш, халқ дардини англашга қаратилган сиёсатнинг мантиқий давоми ўлароқ, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам янги тизим ишга тушмоқда.
“Ҳар йили юртимизда 270 мингга яқин янги оила пайдо бўлмоқда. Ёш оилалар учун энг аввало нима керак? Албатта, қулай ва шинам уй-жой зарур. Шуни ҳисобга олиб, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ипотека дастури доирасида кредит ставкасини 14 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилади”, деди Президентимиз мулоқот мобайнида.
Хулоса қилиб айтганда, юксак марраларни кўзлаб йўлга чиққан миллатимиз ёшлари учун ушбу мулоқот қанот бўлди десак, янглишмаган бўламиз. Негаки, йўлдаги машаққатларни мазкур имкониятлар сезиларли даражада енгиллаштириши ҳеч шубҳасиз.
Шуни айтиб ўтиш керакки, бундай ғамхўрлик ва инсонпарварлик ҳеч бир ижодкорни илҳомлантирмай қолмайди. Камина ҳам шундай имкониятлар натижасида ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган бир ўзбек ўғлони сифатида мазкур мулоҳазаларга қуйидаги тўртликни илова қилишни лозим топдим.
Юртим! Қутлуғ бўлсин ёруғ тонгларинг,
Янги Ўзбекистон қасри муборак.
Темурбек нафаси, адолат саси,
Инсонга инсонлик қадри муборак.
Шербек Исломов ЎзА