Инсон қадрини улуғловчи эзгу ташаббус
Бугунги кунда жамиятимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Бухоро тумани Дўстлик маҳалласида фаолият юритаётган “Махсус кундузги қараб туриш хизмати” маркази ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим ижтимоий лойиҳалардан биридир.
Мазкур марказ шифокор ва тадбиркор Авезгул Рўзиева ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, у махсус парваришга муҳтож инсонлар учун хавфсиз, қулай ва меҳрибон муҳит яратишни мақсад қилган. Марказ фаолияти нафақат парвариш хизматларини кўрсатиш, балки мижозларни жамиятга мослаштириш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Бу ерда асосан руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турувчи, хулқ-атворида оғир бузилишлар кузатилмайдиган 18 ёшдан катта бўлган шахсларга хизмат кўрсатилади. Улар учун кундалик парвариш, соғломлаштириш машғулотлари, турли методик ўйинлар ва ижтимоий мослашувга кўмаклашувчи тадбирлар мунтазам ташкил этилади.

Жумладан, доимий равишда марказга қатнаб келаётган Нигора Авезова болаликдан ногиронлиги сабаб уйда ёлғиз қолиб, руҳий тушкунликка тушган эди. Марказдаги машғулотлар, тиббий ва психологик қўллаб-қувватлаш орқали унинг кайфияти ва умумий соғлигида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Бугун у нафақат фаолроқ, балки ҳаётга бўлган қизиқиши ҳам ортган.

Марказ раҳбари Авезгул Рўзиева таъкидлаганидек, бундай беморларнинг барчаси ҳам доимий тиббий муолажаларга муҳтож эмас. Улар билан мунтазам мулоқот қилиш, турли машғулотлар ташкил этиш, жисмоний фаолликни ошириш ва вақтни мазмунли ўтказиш орқали руҳий саломатликка ижобий таъсир кўрсатиш мумкин.

Марказнинг ташкил этилишида “Инсон” маркази кўмаги ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу эса давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мумкинлигининг яна бир ёрқин намунасидир.

“Махсус кундузги қараб туриш хизмати” маркази нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга амалий ёрдам кўрсатмоқда, балки уларнинг ҳаётга бўлган ишончини тиклаш, жамиятга мослашувини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бундай ташаббуслар инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш ва жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.