Инсон қадрини улуғлаш энг олий мақсад
Халқимиз ҳаёти ва маънавиятида Ислом динининг ўрни беқиёс. Юртимиз мусулмонлари муқаддас ақидаларга амал қилиб, эзгу анъаналарни давом эттириб келмоқда. Диёримиз бу йил ҳам маънавий поклик, саховат айёми бўлган Рамазон ойини катта хурсандчилик билан кутиб олди.
Рамазон ойи шарофати билан дўстлик, биродарлик, меҳр ва саховат туйғулари кучаймоқда. Халқимизнинг меҳр-оқибат қадриятлари ифодаси сифатида беморлар, кексалар, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш тобора кенгаймоқда. 2024 йил 25 март куни Наманган вилоятида мамлакат раҳбари иштирокида илк маротаба бутун республикамиз бўйлаб ифторлик ўтказилди. Ифторлик тадбирида Президентимиз мусулмонларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, “Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади”, – дея қайд этди.
Тадбирда кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизга ҳам муносабат ўзгаргани, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Жумладан, уларни Ватанимизга қайтариш, иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш, оила аъзолари ва фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтилди.
Ифторлик маросимида иштирок этган Наманган вилоятидаги 54 нафар диний соҳа ходими, қолган ҳудудлардаги тадбирларда ҳозир бўлган барча имом домлаларимиз давлатимиз раҳбарининг нутқида илгари сурилган муҳим фикрлар, эзгу ғояларни халқимизга кенг тарғиб этишга киришди.
Рамазони шарифнинг муборак оқшомидаги ифторлик маросими эзгу ишларнинг яна бир амалий ифодаси сифатида кўнгилларга ўзгача бир илиқлик олиб кирди. Бундай хайрли тадбир айнан Наманган вилоятида бошлангани барчамизнинг кўнглимизни хушнуд этиб, хурсандчиликка янада хурсандчилик қўшди. Бугун дунёда бўлаётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар ва миллатлараро келишмовчиликларни кўриб ҳар бир инсон Янги Ўзбекистондаги тинч-осуда фаровон ҳаёт ва тўкин дастурхонимиз учун Аллоҳ таолога чексиз шукрлар айтишимиз лозим бўлади.
Яратган азиз юртимизни тинч, ҳаётимизни янада фаровон айлаб, барчаларимизни шукрона келтирувчи солиҳлардан бўлишимизни насиб айласин.
Мусохон Аббосиддинов,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Наманган вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби.
ЎзА