Инсон қадри — меҳнат сиёсати марказида
28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни
Мазкур сана муносабати билан юртимизда 27 апрель – 1 май кунлари “Меҳнатни муҳофаза қилиш” ҳафталиги кенг нишонланмоқда. Мазкур ҳафталик доирасида пойтахтимизда “Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик” мавзусида нуфузли халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирда давлат органлари ва парламент вакиллари, халқаро ташкилотлар мутахассислари, хорижий экспертлар, йирик саноат корхоналари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ходимлари иштирок этди.
Анжуман давомида замонавий меҳнат бозорида тобора долзарб аҳамият касб этаётган қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, психологик-ижтимоий хавфларнинг глобал тенденциялари, миллий сиёсат ва институционал механизмларни такомиллаштириш, меҳнат жараёнида зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, илғор халқаро тажрибалар ва самарали ечимлар юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-29035]
Таъкидланганидек, иш жойларида соғлом психологик муҳитни шакллантириш нафақат ходимлар саломатлиги ва руҳий барқарорлигини таъминлайди, балки меҳнат унумдорлигини ошириш, жамоада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Конференция доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида юқори натижаларга эришган илғор мутахассислар ва ташкилотлар муносиб тақдирланди. Бу эса соҳада инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, инсон омилига бўлган эътиборни янада кучайтириш ҳамда ходимлар фаровонлигини устувор вазифага айлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир турли давлатлар ва ташкилотлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор амалий ечимларни жорий этиш ҳамда меҳнат соҳасида барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим мулоқот майдони сифатида хизмат қилди.
Анжуман якунида меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, психологик хавф-хатарларни самарали бошқариш механизмларини жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шаҳноза Маматуропова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА