Инсон қадри эътибордан бошланади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Жобу маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган Ҳасан Абилов ақлий ривожланишидаги ўзига хослик туфайли узоқ йиллар давомида уйида, жамият эътиборидан четда яшаб келган. У шу пайтга қадар шахсини тасдиқловчи ҳужжатга ҳам эга бўлмаган.
Баъзан биргина эътибор ва қўллаб-қувватлаш инсон ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлади.
Маҳалла ижтимоий ходими Элмурод Аҳмедов Ҳасан Абиловнинг ҳолатини ўрганиб, у билан босқичма-босқич иш олиб борди. Аввало, фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатилди. Бу унинг ҳуқуқий мақомини тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шундан сўнг у тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорларга бириктирилди ва зарур дори-дармонларни олишига кўмаклашилди. Шунингдек, унга психологик ҳамда ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.
[gallery-31068]
Ҳасан Абиловнинг кундалик эҳтиёжлари ҳам эътибордан четда қолмади. Маҳалла ички имкониятлари ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан унга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди, мавсумий моддий ёрдам кўрсатилди.
Бугун Ҳасан Абилов жамият эътиборида. Унинг ҳаётидаги бу ўзгариш инсон қадри ва ижтимоий кўмакнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА