Инсон манфаатлари улуғланган ҳужжат
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилот, корхона ва муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва ОАВлари ходимлари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги конституциямиз энг аввало инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Умумжаҳон тажрибаларини ўзида мужассам этган бош қомусимизда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатчилигимизнинг устувор вазифаси сифатида эътироф этилган.
– Мамлакатимизнинг янги конституцияси тадбиркорлик ва хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича янгидан-янги марралар ҳамда натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратиб бергани боис, вилоятимиз аҳли ҳам ушбу байрамни бир қатор ютуқлар билан қарши олмоқда, – деди вилоят ҳокими.
– Жумладан, вилоятимизда саноат, ишлаб чиқариш, аҳоли жон бошига даромад, сервис ва хизмат кўрсатиш ҳажми, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш даражаларининг мунтазам ортиб бораётгани халқимизнинг фидокорона меҳнатидан фахрланишимизга тўлиқ асос бўлади. 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 399 та объектда 1,5 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Аҳолининг уй-жойга бўлган талаб ва истакларини қондириш мақсадида жорий йилнинг 11 ойи давомида 3525 хонадонли 48 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Йил якунигача яна 1975 хонадонли 21 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, 2025 йил бошидан буён 15,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 120 км ичимлик сув тармоқлари тортилди. 455 миллиард сўм ҳисобига 908 км автомобиль йўллари ва 12 дона кўприк қурилди. 104 миллиард сўм маблағ ҳисобига 470 км электр тармоқлари тортилиб, 150 дона трансформатор ва 6 дона тақсимлаш қурилмаси ҳамда 3 дона йирик подстанция қурилиб фойдаланишга топширилади.
Вилоят бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги 105 та мактаб ва 58 та боғча, 6 та тиббиёт муассасаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
[gallery-26604]
Шунингдек, 5 та ҳудуд – Навоий, Зарафшон, Ғозғон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ ва Қизилтепа туманлари камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилди.
Тантанали маросимда ижро этилган Ватанни, она юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, жозибали рақслар ва саҳна кўринишлари барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
Бахтимиз қомуси қабул қилинган кун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, ташкилот ва корхоналарида кенг нишонланмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА